Ўзбекистон | 00:01 / 06.12.2017
9614
5 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда тикланувчи энергия манбаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлайди

Фото: skkynet.com

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тарқатилган пресс-релизга кўра, 2000–2015 йилларда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 46,8 млрд. кВт-соатдан  57,5 млрд. кВт-соатгача кўтарилган. Баҳолашларга кўра, 2020 йилга бориб мамлакат 25 фоизга кўпроқ ёки 71,8 млрд. кВт-соат электр энергияси истеъмол қилади.

Мамлакат электростанцияларининг жорий ҳолатда ўрнатилган қуввати 12994 МВтга тенг, жумладан «Ўзбекэнерго» ДАКнинг 29 та иссиқлик ва гидроэлектрстанцияларининг ўрнатилган қуввати 12514 МВтни ташкил этмоқда. Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистондаги қуёш, шамол ва гидроэнергетиканинг тақрибий салоҳияти мос равишда йилига ўрнатилган қувват миқдорида 530 млрд. кВт-соат, 520 млрд. кВт-соат ва 1800 млрд. кВт-соатга тенг. Жаҳон банки гуруҳи тикланувчи энегия манбалари соҳасида ишлаб чиқаётган сиёсати ва мамлакат иқтисодиётини ўсишида муҳим омил бўлувчи ушбу соҳага жалб қилинаётган инвестициялар учун Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлайди.

Шу йилнинг 5–6 декабрь саналарида Тошкентда тикланувчи энергия манбалари (ТЭМ) соҳасида ишлаб чиқилувчи сиёсатга бағишланган семинар бўлиб ўтмоқда. Семинар Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки гуруҳи билан биргаликда, Тикланувчи энергия манбалари халқаро агентлиги (IRENA) билан ҳамкорлик ташкил этилган. Тадбирда вазирликлар ва давлат идоралари, энергетика компаниялари, экспертлик ва академик доираларнинг 80 га яқин вакиллари иштирок этишди.

Семинар ҳукуматнинг Ўзбекистонда ТЭМни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатларига кўмак кўрсатишга йўналтирилган. Тадбир доирасида стратегия, сиёсат, норматив база, институционал механизмлар, замонавий технологияларга оид илғор тажрибалар, шунингдек, ТЭМ соҳасида лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Лотин Америкаси, Африка ва Жанубий Осиё тажрибалари кўриб чиқилади. Ушбу тадбир ТЭМ масалаларида йўл харитаси ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшиши, 2017–2021 йилларда тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг чора-тадбирлар Дастурини амалга оширишда мамлакат ҳукуматига ёрдам бериш, шунингдек, ТЭМнинг ривожланишида хусусий сектор томонидан инвестиция оқимини рағбатлантиришга мўлжалланган.

«Ўзбекистонда ТЭМни ривожлантириш нега бу қадар муҳим?

Биринчидан, бу мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаб, энергетика тузилмасини диверсификация қилиб, энергия етказиб беришнинг узоқ муддатли ишончлилигини оширади.

Иккинчидан, ТЭМдан фойдаланиш иқтисодий самарали, чунки у бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган ва муқобил баҳоси баланд бўлган углеводород хом ашёси (кўмир ва табиий газ) истеъмолини қисқартиради.

Учинчидан, ТЭМни жорий этиш янги иш ўринларига эга соҳа яратилишига хизмат қилади.

Тўртинчидан, ТЭМдан фойдаланиш ёқилаётган углеводород хом ашёсининг ва атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар қисқариши ҳисобига экология ва инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Ниҳоят, ТЭМнинг жорий этилиши сайёрамизда иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган иссиқхона газларини қисқартириш борасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда мамлакатга ёрдам беради» — деган Жаҳон банкининг энергетика соҳасидаги глобал амалиёти раҳбари Самир Шукла.

Ҳукумат 2017–2021 йилларга мўлжалланган беш устувор йўналишлар бўйича ҳаракатлар Стратегияси доирасида амалга оширилиши мўлжалланган устувор вазифалар қаторида ТЭМни жорий этишни ҳам белгилаб олган. Жаҳон банки гуруҳи ҳукуматнинг мамлакат энергетика тузилмасида ТЭМ улушини 2016 йилдаги 12,7 фоиздан 2025 йилда 19,7 фоизгача ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Хусусан, 2015 йилда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалардан бири доирасида Шамоллар Атласи — компьютер моделлаштирилиши усули билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон шамол энергетикаси салоҳиятига доир интерактив ахборот-таҳлилий тизими яратилган. Ушбу Атлас Ўзбекистоннинг алоҳида ҳудудларида йирик шамол электр станциялари яратиш учун етарли бўлган улкан шамол ресурсларига эга эканлигини намойиш этади.

Бундан ташқари, Жаҳон банки гуруҳи вакиллари ТЭМ соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Банк тузилмалари Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий секторга кўрсатишга тайёр бўлган молиявий, маслаҳатга доир ва суғурта ёрдамлари ҳақида сўзлаб беришади.

Айни пайтда Жаҳон банки Ўзбекистонда қиймати 2 млрд. АҚШ доллари бўлган 16 та лойиҳани қўллаб-қувватламоқда. Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳар тараққиёти, сув таъминоти ва санитария каби устувор соҳаларни қамраб олган.

Мавзуга оид