Жамият | 19:00 / 07.12.2017
31457
4 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортининг пандуси ва эскалатори ҳақида ҳикоя

Аэропорт — мамлакатнинг остонаси ҳисобланади. Умуман, пойтахтимиз Тошкентда ҳам, туристик марказларимиз ҳисобланмиш Самарқанду Бухорода ҳам аэропортларда хизматни рисоладагидек йўлга қўйиш, ишларни замонавий асосда ташкил этишга юртимизда давлат раҳбари ва ҳукумат даражасида эътибор берилмоқда.

Тошкент халқаро аэропортининг халқаро йўналишлар учун янги терминали жанубий кореялик ҳамкорлар билан қуриб, фойдаланишга топширилиши ҳақида хабарлар берилган эди.

Ушбу ҳикоямиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг айни пайтда хорижий авиақатновлар орқали жўнаб кетувчи авиайўловчиларга хизмат кўрсатувчи бош терминали ҳақида.

Ҳеч аэропортга ишингиз тушганми? Кўп узоққа бормайлик, ён қўшниларимиз бўлмиш Бишкек, Алмати ва Астана каби шаҳарларда ҳам аэропорт биносига киришдан аввал иккинчи қаватга элтувчи пандусга такси ёки машиналарда чиқиб борасиз ва терминал биноси эшиги олдида тушасиз.

Шундай пандус Тошкент халқаро аэропортида ҳам бор, лекин у ерга узоқ йиллардан бери автомобиль чиқишига йўл қўйилмайди.

Тошкент халқаро аэропортига йўл олган киши Аэропорт биносининг берироғидаги милиция пункти орқали ўтказилади. Кузатиб келаётганлар шу ерда қолишлари керак. Кейин пича юриб, эскалатор орқали иккинчи қаватга кўтарилишарди.

Ана шу эскалатор ишламаётганига бир ойдан ошган. Унинг қандай топилмас матоҳи ишдан чиққан эканки, 1 ойдан бери ишлатилмай, йўловчиларга қийинчилик туғдириб ётибди.

Бу ҳақда икки ҳафта аввал ижтимоий тармоқларда ҳам фотолари билан эътирозлар тарқалган эди. «Халқаро аҳамиятдаги Ўзбекистоннинг биринчи рақамли аэропорти, техника-да, бузилган бўлса тўғирлаб қўйишгандир», деб ўша вақти муаммога кўп ҳам эътибор берганимиз йўқ.

Қарангки, бугун таҳририятимиз ходимларидан бири эрта тонгда волидасини хорижга кузата туриб, вазият ҳамон ўша-ўшалигича эканлигига гувоҳ бўлиб қайтибди.

Айтайлик, қария ёшдаги киши учиб кетаётган бўлса, сумкаси оғир ёки унга оғир юк кўтариш мумкин бўлмаса у қандай йўл тутиши керак шу шароитда? Зинадан инқиллаб-синқиллаб иккинчи қаватга чиқиб оладими? Ёш болали, бир қўлида бола, бир қўлида коляска, яна юки бўлган оналар-чи?

Ўзи Тошкент аэропортига учиб келгандаги аҳвол бутун дунёга достон бўлишга улгурган. Ҳалиям кейинги пайтлар паспорт назорати олдида тартиб вужудга келиб, вазият бирмунча яхшиланган.

Юртимизда туризмни ривожлантирайлик, деб жон койитиб ётибди ҳамма. Ўзбекистонга келиб, айланиб кетаётган хорижий сайёҳлар олдида нима деган одам бўламиз?! Барча ижобий таассуротлар устига қалин қизил чизиқ тортиб юбормайдими шу ҳолат?

Хитойнинг оддий бир кичик шаҳарчасидаги аэропортдаги шароитлар ҳам бизнинг бош аэропортимиздагидан чандон яхши, тан олиш керак.

Оддий мисол: майли, таниш-нотаниш шахсий автомашиналар аэропортнинг иккинчи қаватига чиқарилмасин, хавфсизлик деган масалалар ҳам бор, розимиз. Лекин ҳеч бўлмаса Тошкент халқаро аэропорти ўз «аэропорт-такси» хизматини йўлга қўйиб, йўловчиларга уни телефон ёки мобил иловалар орқали буюртма қилиш имконини яратиб, пандус орқали иккинчи қаватгача чиқиб бориш хизматини йўлга қўйса бўлади-ку?! Ташқарида XXI аср ахир, мутасаддилар?!

Агар бунинг мутлақо иложи бўлмаса, илтимос, эскалаторни тўғирлаб қўйишсин. Халқ қийналаяпти!

P.S. Президентимиз бошчилигида барча соҳада кенг қамровли ислоҳотлар бошланиб, Ўзбекистон дунёга қучоқ очаман, деб турганида мен эскалатор ҳақида ҳикоя ёзиб ўтирибман. Ажойиб, а?

Ш.Шокиржонов.

Мавзуга оид