Жамият | 21:16 / 09.12.2017
70851
7 дақиқада ўқилади

«Омонхона» суви сотилувчи қишлоқда рўзғорга ичимлик суви харид қилинмоқда — Инкабодликлар мурожаати

KUN.UZ таҳририятига Сурхондарёнинг Бойсуни туманидаги «Инкабод» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли шу номдаги қишлоқдан мурожаат келиб тушди.

Қишлоқнинг нуроний отахонлари томонидан имзоланган мурожаатга кўра, қишлоқда ичимлик суви таъминоти яқин 10 йил ичида катта муаммога айланган, ичимлик суви, ҳатто чорва учун ҳам Бойсундан сув ташувчи машиналарда келтириб сотилади. Шунингдек, маҳалла аҳли чорва қорамоллари сув ичадиган чашманинг бошида Бойсун шаҳрининг чиқиндихонаси қурилганидан шикоят қилишган.

Мурожаатни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Инкабод қишлоғида бўлдик. Шуниси ҳайратланарлики, ичимлик сувидан шикоят қилган Инкабод қишлоғи ўртасидан ўтган катта йўлнинг икки четида Омонхона сувлари сотилиб турибди. Ҳа, ҳа, ўша машҳур, қадоқланган «Омонхона» шифобахш сувлари.

«Маҳалла фуқаролар йиғинимизда 870 хўжаликда 3700 киши беш қишлоқ — Омонхона, Инкабод, Паданг, Чорбоғ ва Қиякамар қишлоқларида истиқомат қилади, — дейди «Инкабод» МФЙ раиси, кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнир совриндори Фарҳод Жўллиев. — Кўриб турибсиз, қишлоқларимиз ораси узоқ. У бошидан бу бошига бориш учун 25 км.га яқин йўл босиш керак. Дарҳақиқат, фақат Паданг ва Омонхона қишлоқларида ичимлик суви билан аҳвол бирмунча яхши. Қолган қишлоқларимизга Бойсундан келтириб сотилади», деди у.

Инкабоддан Омонхонагача 12 км. У ердаги чиқаётган ичимлик суви зиёратга келганлар ва санатория эҳтиёжларидан ортмайди. Шунингдек, у қадоқланиб сотилади.

Илгари Инкабод қишлоғига Падангдаги Тўраназар ота зиёратгоҳи яқинидаги иккита чашмадан қувур орқали сув келтирилган. Қишлоқда ҳамон сув тўпланувчи минора бўй кўрсатиб турибди. «Биз чашмадан қишлоқ марказигача олиб келинган сувни флягаларда уйимизгача ташир эдик», дейишди улар.

Лекин ёғингарчилик мўл бўлган йиллардан бирида сойда кучли сел келиши оқибатида қувурларни синдириб, ювиб кетган.

Биз маҳалла раиси билан ўша иккита чашмани бориб кўрдик. Ҳозир қишки мавсум бўлгани учун чашма суви бироз озайган. Бироқ чиқиб турибди. Йилнинг иссиқ фаслларида кўпаяди. Суви жуда чучук, истеъмолга яроқли. Ҳозир қувур бўлмаганлиги сабабли сув жилға ҳосил қилиб, ўз йўлига оқиб бориб, фақат Паданг қишлоғини таъминлаяпти. Падангликлар шу сувни истеъмол қилишади ва томорқа хўжаликларини суғоришда ҳам фойдаланишади. Хуллас, сув пастгача оқиб бормасдан, сингиб, йўқ бўлиб кетмоқда.

Зиёратгоҳ остонасида бир пайтлар чашма сувини 8300 метр нарида жойлашган Инкабод қишлоғига элтувчи қувур боши ва бошқариладиган қудуқ ҳамон сақланиб турибди. Агар мутасаддилар инкабодликларнинг ушбу талаб ва истакларини амалга ошириб, ичимлик суви элтувчи қувурни тиклашса, сув 10 км узоқликдан ҳар қатновини 50-60 минг сўмдан сув келтиришга ҳожат қолмас эди.

Инкабодликларнинг айтишича, 50-60 мингга харид қилинадиган сув қиш фаслида 2 ҳафтада, ёз ойларида 1 ҳафтага ҳам етмайди. Ойига қишлоқ аҳолиси сувнинг ўзига қанча харажат қилиши кераклигини чўтга ташлаб олаверинг.

«Бир машина сувни олиб келган билан бир оиланинг сувга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмайди, сабаби — қишлоғимиз аҳолисининг асосий тирикчилик манбаи чорвачиликдир ва масканимиз лалми адирлардан иборат бўлганлиги сабабли чорва молларимиз йилнинг деярли 8 ойи давомида далаларда юради. Чорва молларимиз учун ҳам сув керак бўлади. Ҳозир чорва молларимиз ҳам уйда суғорилади. Кун бўйи адирларда ўтлаб юрадиган моллар ҳам сув ичишга уйга қайтишга ўрганиб бўлишди», дейди инкабодликлар.

Таҳририятимизга келган мурожаатда яна бир қизиқ ҳолат баён қилинган: «Пешонамизга Худо томонидан биттагина булоқ берилган бўлиб, буни ҳам туман раҳбарлари кўп кўрмоқда. Негаки, Бойсунда чиқинди тўкиш учун бошқа жойлар бўлишига қарамасдан, бизнинг чорва молларимиз 30–40 йиллардан буён сув ичиб келаётган булоқ бошидан бориб, чиқиндихона барпо этилди. Ҳозирги шароитда аҳолини ичимлик суви, умуман, сув билан таъминлаш муаммо бўлиб турган бир шароитда Худо томонидан берилган инъом, яъни булоқ суви атрофини кўр-кўрона чиқиндихонага айлантириш шартмикан?», дейилади унда.

«Кўз ёшидек сизиб чиқадиган булоқ суви инсон ичишига яроқсиз бўлса-да, далаларда ўтлаб юрадиган молларимиз ўша ерда сувлашарди. Чиқиндихона қурилгач, сувга қўшилиб молларимизнинг ошқозонига турли целлофан пакетлар ва бошқа зарарли нарсалар туша бошлади. Касалланиб ўлган моллар ҳам бўлди. Умуман, ахлатхонадан сизган қўланса оқовалар қўшила бошлагач, сув сифати пасайиб, ҳаттоки моллар ҳам ичмай қўйди, ҳозир улар сувлагани уйга келади», деди маҳалла вакилларидан бири мен билан суҳбатда.

«Бу муаммо чиндан ҳам бор эди, мурожаатлар қилдик, туман раҳбарияти томонидан кўриб чиқилган, чиқиндихона бошқа жойга кўчирилишига ваъда беришган», — дейди МФЙ раиси Ф.Жўллиев.

Фарҳод Жўллиев билан қишлоқдаги ёшларнинг нима иш билан шуғулланиши ҳақида суҳбатлашдик. Айтилишича, уларнинг кўпчилиги хорижда меҳнат қилишмоқда. Қишлоқнинг ўзида ишлаб чиқариш корхоналари, иш йўқ. Айримлари мана шу кўчада «Омонхона» сувлари билан савдо қилишади.

Раис маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Бойсун баҳори» фольклор-этнографик фестивали бўлиб ўтганини гапириб берди.

Умуман, Қишлоқлар Бойсун шаҳрига яқин жойлашган. Баҳорда жуда ажиб чирой касб этадиган, бетакрор манзарага эга жойлар. Омонхонадан шифобахш маъданли сув чиқади. Ҳудудида ҳозирги кунда жаҳон туризмида янги йўналишларидан ҳисобланаётган этнотуризм, қишлоқ туризми, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун улкан салоҳият бор. Ички ва ташқи туризмни ривожлантириб, қишлоқда иш ўринлари яратиш мумкин. Бунинг учун, албатта, қандайдир инвестиция керак. Аммо, биринчи навбатда, элементар қулайликлардан ҳисобланувчи ичимлик суви таъминоти зарур бўлади. Мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўришса, режалар тузиб, инвесторлар учун қулай шароитлар яратишса, инкабодликлар фақат чорва боқиш, сув сотиш ва харид қилиш билангина шуғулланишмасмиди дейман...

Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ махсус мухбири.
Бойсун.

Мавзуга оид