Жамият | 10:31 / 11.12.2017
5533
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда автоулов олиб қочган шахс ушланди

Ички ишлар органларининг олиб борган тезкор тадбирлари натижасида, Чирчиқ шаҳрида содир этилган автотранспорт воситасини олиб қочиш жинояти “иссиқ изи”дан фош этилишига эришилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, 1995 йилда туғилган фуқаро Оллоберган Мардиев (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари ҳам босқинчилик жиноятини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бироқ у ўзига тегишли хулоса чиқармаган.

Жумладан, Оллоберган Мардиев 2017 йил 27 октябрь куни соат тахминан 22:45 ларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган кафелардан бирига кириб, спиртли ичимликлар истеъмол қилади. Шу ерда овқатланиб ўтирган Бўстонлиқ туманида яшовчи Усмон Ботировнинг ёнига бориб, бирга ўтириб, Усмон Ботировнинг стулга илиб қўйилган костюмини чўнтагидан унга тегишли бўлган Матиз русумли автоуловнинг калитларини яширин равишда олиб, транспорт воситасини олиб қочиб кетади.

Шундай қилиб, фуқаро Оллоберган Мардиев ўзининг содир этган хатти-ҳаракатлари билан транспорт воситасини олиб қочиш жинояти аломатлари билан, уни ушлашга қаратилган тадбир давомида йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатилиб, қўлга олинади.

Ҳозирги вақтда Оллоберган Мардиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид