Жаҳон | 13:09 / 15.12.2017
20500
2 дақиқада ўқилади

Ака-ука Азимовларнинг отаси Қирғизистонга қайтмоқда

Фото: Ахрал Азимов, архив фото

Санкт-Петербургдаги теракт иши бўйича айбланаётган ака-укалар Аброр ва Акром Азимовларнинг отаси Қирғизистонга қайтмоқда. Бу ҳақда «24.kg» Қирғизистон ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, ОАВда унинг қўлга олинганлиги ҳақида маълумот пайдо бўлганидан сўнг барча ҳужжатлар Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасига топширилган. Маълум бўлишича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Аҳрол Азимовни қўлга олмаган, балки Россия фуқаролиги бекор қилингани ҳақида маълумотномани топшириш учун таклиф этган экан. Шунинг учун у Россия Федерацияси ҳудудини тарк этиши лозим.

Азимовда икки фуқаролик бўлган – Россия ва Қирғизистоннинг. «Қирғизистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси Азимовга ватанига қайтиш тўғрисида гувоҳнома берди. Яқин вақт ичида, балки, ҳаттоки бугун ҳам, у Қирғизистонга учиб келади», - дея хабар беришган ТИВдан.

Аввалроқ Москва полицияси 2017 йилнинг апрелида Санкт-Петербург метросида теракт уюштиришда гумонланаётган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларнинг отаси Аҳрол Азимовни ҳибсга олгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургдаги теракт 2017 йилнинг 3 апрелида рўй берган. Портлаш 15 кишининг ҳаётига зомин бўлган, яна 50  дан ортиқ киши жабрланган. Тергов портлаш вақтида ҳалок бўлган қирғизистонлик Акбаржон Жалиловни теракт ижрочиси деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид