Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Узоқдаги сароб
Наманганлик Б.Қудратов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йилнинг 28 апрелида ҳамқишлоқлари Ш.Рихсиев ва Р.Жўраевни қоп-қоп ваъдалар билан ўзи ўн йилдан бери ишлаб келаётган Россиянинг Уфа шаҳрига акаси орқали чақиртириб олади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
У трактор ҳайдаш, мол боқиш сингари қишлоқ хўжалиги ишларига таклиф этган икки ҳамқишлоғининг йўл харажатларини ўз зиммасига олиб, уларнинг Россияга етиб келишлари учун пул ҳам жўнатади. Ҳамюртлари етиб келгач, уларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўяди. Аслида, мусофир ишчиларнинг қанотларини қайириб, қафасга солиб қўйиш мақсадида бўлса-да, бу қилмишини гўё уларнинг тинчини ўйлаётгани, вақтинчалик ҳужжат тайёрлаб бермоқчи экани билан изоҳлайди. Июнь ойида у яна икки ҳамюрти – қариндоши З.Ҳамидов ва К.Болтабоевни ҳам шу йўл билан Уфа шаҳрига чақириб олади.
Б.Қудратовнинг Россияда татар миллатига мансуб Ж.Нигматуллин исмли шериги бўлиб, келган ишчилар назорати унинг қўлига ўтади. Жамоа хўжалигида тўрт мусофир Ж.Нигматуллин ва Б.Қудратовнинг шафқатсиз тазйиқи остида эрта тонгдан ярим тунга қадар дам олиш кунисиз ишлашади. Уларга ваъда қилинган иш ҳақи эса берилмайди. Мусофирлар кунлаб оч қолиб, ўзлари ишлаётган молхонада тунашга мажбур бўлишади. Тракторда ер ҳайдаш билан шуғулланган К.Болтабоев ва Р.Жўраев Ж.Нигматуллиннинг тазйиқи остида соғлиқларини хавфга қўйиб, далага бир неча кунлаб заҳарли кимёвий дорилар сепишга мажбур қилинади.
Б.Қудратовнинг қариндоши бўлган З.Ҳамидов унга меҳнат шароити ёмон эканлиги, иш ҳақи олмаётганидан шикоят қилиб, уйига қайтиб кетишига ёрдам беришни сўраганида, Б.Қудратов рухсат бермайди:
- Буни хаёлингизга ҳам келтирманг! Акс ҳолда, ўлдириб юборамиз!...
Ўз қариндошига шундай дағдаға билан муомала қилган зўравоннинг бошқа ишчиларга қандай муносабатда бўлишини билиш қийин эмас.
Ниҳоят, азоб-уқубатлар ва ноҳақликлар жонидан ўтган Р.Жўраев 2014 йилнинг сентябрь ойида Б.Қудратовдан 4 ой давомида олмаган иш ҳақини сўрайди ва юртига қайтишини айтади. Акс ҳолда, тегишли жойга арз қилмоқчи эканини ҳам журъат билан “қистириб ўтади”. Шундан кейингина зўравон сал “пастга тушиб”, уни уйига кузатиб юборар экан, деҳқончилик яхши бўлмагани боис иш ҳақларини беролмагани, тез орада ортидан жўнатиб юборишни ваъда қилади.
Р.Жўраев жўнаб кетганидан кейин шароит ўнгланмаслигига ақли етган К.Болтаев ҳам ҳудди шундай йўл тутади. Б.Қудратов эса уни ҳам бир дунё ваъдалар билан юртига кузатади. Ноябрь ойида Р.Жўраев шу тариқа Ўзбекистонга қайтади.
З.Ҳамидовгина мусофирчиликнинг азоб-уқубатларига яна бир йил чидайди. 2015 йилнинг ноябрь ойида у ватанига қайтади. Албатта, ҳеч вақосиз ва қоп-қоп ваъдаларни ортмоқлаганча...
Мусофирчиликдаги саргардонликлар камлик қилганидек, энди улар иш ҳақларини ундира олмай сарсон бўладилар ва Б.Қудратовнинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этадилар. Шундан кейингина жабрланувчилар ўзларига тегишли иш ҳақларини ундиришга эришадилар.
Ёт юртларда юртдошларининг иложсизлигидан фойдаланиб ҳақ бермай, уларни аёвсиз ишлатган, қўрқитган, таҳқирлаган Б.Қудратов қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, суд ҳукми билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди.
“Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши”, деган ҳикмат бор. Бироқ юқоридаги воқеадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, узоқдагиси сарғайган сомон бўлиб чиқди. Қолаверса, бугун Ўзбекистонда ҳар жабҳада мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилиб, ўз олдига мақсад қўйган ҳар бир инсонга уни амалга ошириш учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Сароб мисол ҳавас ортидан эргашиб, хорижга ошиқиш, ҳеч қандай меҳнат шартномасисиз, бетайин кимсаларга ишониб пул топишга уринишнинг оқибати хайрли тугамайди.
Мавзуга оид
15:07 / 27.01.2026
Наманганда ер расмийлаштиришни ваъда қилган ўрмон хўжалиги масъуллари ва кадастр мутахассиси ушланди
11:38 / 27.01.2026
Наманганда Cobalt ва йўловчи автобус тўқнашувида 3 киши ҳалок бўлди
11:10 / 16.01.2026
Наманганда тезкор тадбирларда қарийб 21 кг “гашиш” муомаладан олинди
08:27 / 25.12.2025