Жаҳон | 23:31 / 17.12.2017
33859
4 дақиқада ўқилади

Путин учун мурдалар ҳам агитация қилмоқдами?

Фото: znak.com

Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путинни 2018 йилги сайловларда қўллаб-қувватлашга чақирувчи #ПутинКрут ҳэштэгини Россиядаги аллақачон ўлиб кетган инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам учратишмоқда, деб ёзади znak.com.

Россиядаги президентлик сайлови кампанияси катта можаро билан старт оладиган кўринади, боз устига, бу давлат раҳбарлигига бош номзод билан боғлиқ бўлиб турибди. «ВКонтакте» ижтимоий тармоғининг россиялик фойдаланувчилари анчадан бери фаоллаштирилмай қўйилган саҳифалар тўсатдан жонланиб қолганини айта бошлашди. «Жонланиб» деган сўз бу ерда узукка кўз қуйгандек мос келмоқда: гап шундаки, айтилаётган саҳифалар аллақачон ўлиб кетган инсонларга тегишли ва уларнинг саҳифалари бир неча йиллардан бери ҳеч ҳам янгиланмасдан келинаётганди. Бироқ ўтган кунларда бошқа фойдаланувчиларнинг диққатини ўтиб бораётган ҳафтанинг энг асосий ҳодисаси — Владимир Путиннинг ҳар йиллик катта матбуот анжуманига айнан шундай саҳифалар орқали эътиборни жалб қилишга уринишган.

Ҳукуматни ёқлаб қилинган пиарнинг янги даражасидан норозилик ҳозир кўплаб пабликларда учратилмоқда, жумладан, 14 декабрь кунги матбуот анжуманидан сўнг Путиннинг журналистлар билан мулоқотини ўтказиб юбормасликка чақирувчи постлар эълон қилиш таклиф қилинганлари ҳам. Бу мақолаларнинг барчаси #ПутинКрут ҳэштеги билан бирлаштирилган.

Бунинг ҳеч ҳайрон қоларли жойи йўқ: «ВКонтакте» фойдаланувчилари орасида миллий етакчининг тарафдорлари чиндан ҳам кўп. Постлар худди нусха кўчириш машинасидан чиқарилгандек бир-бирига ўхшашлиги ҳам нормал ҳолат: қайдлар Владимир Путиннинг постерлари ва унинг чиқишидан ёрқин иқтибослар билан безатилган. Агар постернинг пастки ўнг бурчагидаги белгига ишонилса, уни тайёрлаш учун «Единая Россия»нинг ёш гвардиячилари тайёрлашган. Яъни, президентлик сайловига ўз номзодини илгари сурган Путин ишонаётган сиёсий ташкилотлардан бири.

Фото: znak.com

Постерлардан бири Владимир Путиннинг матбуот анжуманини томоша қилишга чақиради. Бундай чақириқларни фойдаланувчилар аллақачон ўлиб кетган инсонларнинг профилидан ҳам олишган.

Муаммо шундаки, тез орада агитацион постларни эълон қилиш таклифини паблик ва ҳамжамиятларга жўнатган фойдаланувчиларнинг бир қисми аллақачон ёруғ оламни тарк этгани ойдинлашди. Кўп ўтмасдан буни «агитаторлар»ни шахсан таниган ёки нимадир сабабдан уларнинг профилларини чуқурроқ кавлаб кўришга киришган ижтимоий тармоқнинг тирик фойдаланувчилари кўрсата бошлашди. Ҳозир бундай саҳифалар ўчирила бошланди ва баъзилари шубҳали фаоллик сабабли блокланган, дея қайд этилган.

Лекин тармоқда кезиб юрган скриншотларда кўриниб турибдики, бу саҳифаларда уч-тўрт йил муқаддам унинг эгаси билан видолашув ёзувлари ва унинг яқинларига ҳамдардлик матнлари битилган.

Баъзи саҳифалар ҳам очиқ турибди. Хусусан, znak.com Путиннинг яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманига диққатни жалб қилишга йўналтирилган ёзувни учратган. У «Типичный железнодорожник» деб аталувчи машҳур пабликда Людмила Брикова номидан жойлаштирилган. Людмиланинг саҳифасидан кўриниб турибдики, у сўнгги марта саҳифасига 15 декабрда кирган. Бироқ унинг саҳифаси 2013 йилнинг кузидан буён янгиланмаган. Сўнгги қолдирилган қайдга кўра, қиз ўлганини қайд этишган, афтидан, вафотидан 4 йил ўтгач унинг номидан кимдир саҳифасини фаоллаштирганидан сўнг танишларидан бири ёзиб қолдирган.

Мавзуга оид