Узбекистан | 11:48 / 18.12.2017
19444
7 дақиқада ўқилади

Бир шаҳарда икки мамлакат: Икки "ўт" орасида қолган Барледа нима гаплар?

Фото: Wikipedia

Шимолий Европанинг сокин бир бурчагида ғаройиб геосиёсий аномалия мавжуд: икки мамлакат ўртасидаги чегара турар-жойларнинг қоқ ўртасидан ўтган. Бир уйда яшовчи эр-хотин икки турли давлатда турган бўлиши ҳам мумкин. Уй эгалари бу шароитдан кўп фойдаланишади ва иқтисодий жиҳатдан ўзлари учун фойдали бўлган томонда ҳаракатланишади.

Бельгия чегараси яқинида жойлашган Нидерландиянинг Барле-Нассау муниципалитетида деярли 30 анклав (барча томонларидан бир давлат билан ўралган, иккинчи бир давлатнинг чегараси ёки бир қисми) мавжуд, улар Барле-Хертог коммунаси сифатида машҳур. Харитада бу Бельгия ва Нидерландия чегараларидан иборат ядроли улкан амёбага ўхшаб кўринади.

Чалкашликлар илдизи ўрта асрларга бориб тақалади. Ўшанда турли ер участкалари маҳаллий зодагон оилаларга тегишли бўлган. Барле-Хертог Брабанта герцоглари тасарруфида бўлган бўлса, Барле-Нассау ўрта асрлардаги Нассау сулоласи мулки ҳисобланган. 1831 йилда Бельгия мустақиллик ҳақида эълон қилганида жиддий тушунмовчилик юзага келди, кейинги ҳукуматлар юрисдикция чегараларини белгилашдан қочиш учун бор кучларини ишга солишган. Икки мамлакат ўртасидаги якуний чегара 1995 йилдагина пайдо бўлди - ҳеч кимга тегишли бўлмаган сўнгги ер участкаси Бельгия тасарруфига ўтди.

Фото: Andrew Eames

Минтақада яшовчи 9 минг аҳолидан тахминан тўртдан уч қисми Нидерландия фуқароси ҳисобланади. Шу билан бирга, Нидерландия чегараси ҳам каттароқ — 76 кв. км, Бельгия чегараси эса — 7,5 кв. км. Дастлаб барча жойлар бир хилдек кўринади — ҳамма ёқда ҳолланд қишлоқларига хос бўлган қизил ғиштли уйлар. Бироқ бироздан кейин фарқларни сеза бошлайсиз. Бунда тротуарларга чизилган оқ белгилар ("+") ёрдам беради. Уларнинг бир томонида - «NL», бошқа томонида эса «B» ҳарфлари туширилган. Бундан ташқари, уйларнинг рақамлари тегишли байроқлар билан белгиланган.

Нидерландлар томонидаги бинолар бир-бирига ўхшайди, тротуарлар узра эса липа дарахтларини кўриш мумкин. Уларнинг новдалари яхшилаб кесилган ва узумзорлардагидек бир-бирига боғланиб кетган. Бельгия туманлари меъморчилиги эса нисбатан фарқли.

Барледаги туристик палата раиси Виллем ван Гулнинг сўзларига кўра, эшитиш қобилияти яхши ривожланган кишилар аҳолининг сўзлашишидан ҳам уларни фарқлай олиши мумкин. Виллемнинг онаси бельгиялик бўлса-да, у Нидерландия фуқароси ҳисобланади. Бельгия мактабларида француз тили ўқитилади, бироқ икки жамият учун ҳам асосий мулоқот воситаси ҳолланд тили бўлиб қолмоқда.

Фото: Andrew Eames

"Бельгияликлар талаффузида бу тил шева каби эшитилади, ҳолландияликларда эса талаффуз нисбатан тозароқ", - дейди ван Гул.

Талаффуздаги тафовутлар ва бельгияликларнинг "яшиллик"ка камроқ эътибор қаратиши баъзи ҳолландияликларнинг қўшниларга "юқори"дан қарай бошлашига сабаб бўлди.

Ван Гулнинг ёдга олишича, авваллари ўсмирларнинг мактабдан сўнг бир-бирлари билан уришган ҳолатлари кўп бўлган.

1960-йилларда барчаси ўзгарган - икки жамият раҳбарлари ўқувчиларнинг бўш вақти бир-бирига мувофиқ келмаслиги учун дарслар вақтини турлича қилишга келишиб олишган. Бундан ташқари, ўсмирлар орасида дўстлик ва ижобий ҳамкорликни тарғиб қилувчи ёшлар клуби йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Бар­ле-Нассау ва Бар­ле-Хер­тогнинг аксарият аҳолиси икки мамлакат фуқаролиги ва икки паспортга эга. Икки халқнинг тинчлик-омонликда яшаши Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг маслаҳатчилари эътиборини тортган.

Чегара борасидаги ноаниқлик минтақага ижобий таъсир кўрсатмоқда, деб айтиш мумкинми? Шубҳасиз, бу сайёҳлар эътиборини тортади. Ван Гул шундай дейди:

Фото: Toerisme Baarle

"Меҳмонхоналар, дўконлар ва қаҳвахоналар сони 9 минг эмас, 40 минг кишилик аҳоли яшайдиган шаҳарга кўпроқ мос келади. Якшанба кунлари Бельгиянинг барча дўконлари ёпилганда ҳолландларнинг дўконлари очиқ бўлади".

Бироқ қийинчиликсиз бўлмайди, албатта. Айниқса, гап инфратузилма ҳақида кетганда. Энг кўп муаммо қурилишга рухсат олиш билан боғлиқ, дейди Бельгия муниципалитети мэри Лео ван Тильбург (чегара унинг қароргоҳи орқали ўтган). Шу туфайли бельгияликлар бинонинг ҳолланд қисмидан рухсат олишларига тўғри келади - у анжуманлар зали орқали ўтувчи ёрқин чизиқ билан ажратилган.

Тильбург асосий вақтини Нидерландия томон мэри Маржон де Хун билан бирга хизматларни - таълим, сув таъминоти, инфратузилмани ташкил қилишга сарфлайди. Янги асфальтни ётқизиш, канализация қувурларини ўтказиш кабилар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Умуман олганда, 100 та муаммодан 98 тасини ҳал қилиш осон - албатта, тегишли маслаҳатлашувлардан кейин.

Фото: Toerisme Baarle

Бельгиянинг шаҳарсозлик қонунчилиги нисбатан енгилроқ эканини инобатга олиб, чегарадаги кўчмас мулкни Бельгияда рўйхатдан ўтказиш осонроқ, дея изоҳлайди уй эгаларидан бири Кис де Хун. Кис — Нидерландия фуқароси — Барле-Хертогда яшайди. Бир куни у бинони қайта қуришга қарор қилди (унинг кириш эшиги Нидерландия томонга қараган), бироқ бунинг учун мэрия рухсатини олишнинг уддасидан чиқмади. У бу муаммони ҳал қилиш учун биринчи эшикнинг ёнидан, яъни Бельгия ҳудудига кирувчи қисмидан яна бир эшик очди. Энди унинг уйига олиб кирувчи икки эшик бор, хоналардан бири - Нидерландияда, қолган учтаси - Бельгияда.

Кис юридик ечимлардан фойдаланган ягона фуқаро эмас. Кўп оилалар ва бизнес эгалари у ёки бу маънода ўз уйларининг жойлашуви ва бошқа мамлакатнинг яқинлигидан фойдаланганларини тан олишади. Бунга нақ чегаранинг ўзида қурилган собиқ банк биноси яққол мисол бўла олади. Солиқ инспекторлари текширув билан келган вақтда банк эгалари ҳужжатларни бинонинг бир томонидан иккинчи томонига кўчиришар эди.

Фото: Toerisme Baarle

Бироқ икки мамлакатнинг адлия идоралари ўртасида баҳсли вазиятлар ҳам бўлиб туради. Масалан, Нидерландияда спиртли ичимликларни 18 ёшдан катталарга сотилади, бельгияликлар эса 16 ёшдан бошлаб пиво ва вино ичишлари мумкин. Агар Нидерландия дўкони спиртли ичимлик сотишдан бош тортса, ёшлар шунчаки Бельгия томонга ўтиб харидни амалга оширишади. Нидерландия ҳукумати учун зиддиятнинг яна бир манбаи - шаҳарнинг Бельгияга тегишли қисмидаги фейерверклар дўкони. Нидерландияда фейерверкларни ташиш ва уларни сотиш тақиқланган (Янги йил байрами - истисно), шунинг учун Нидерландия полицияси шаҳарни тарк этаётганларни яхшилаб текширади. Шундай экан, бу трансчегаравий ҳамжиҳатликда ҳал қилинмаган баъзи масалалар мавжуд.

Мавзуга оид