Жаҳон | 20:41 / 08.10.2024
4151
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда музей ходими металл банкалар кўринишидаги арт-объектни ташлаб юборди

LAM музейи ходими франциялик ижодкор Алехандре Лаветнинг «Биргаликда ўтказган барча яхши дамларимиз» номли асарини чиқинди деб ўйлаб, ташлаб юборди.

Фото: Handout / LAM MUSEUM/AFP

Нидерландиядаги LAM музейи ходими франциялик ижодкор Алехандре Лаветнинг «Биргаликда ўтказган барча яхши дамларимиз» номли асарини чиқинди деб ўйлаб, ташлаб юборди.

AFP агентлигининг маълум қилишича, арт-объект пиво учун мўлжалланган иккита алюминий идишдан иборат бўлиб, рассом акрил бўёқлар билан унга қўлда тасвирлар туширган. Музей вакилларининг сўзларига кўра, Лавет буни яратиш учун «кўп вақт сарфлаган ва меҳнат қилган».

LAM’дагилар арт-объект томошабинларни ҳайратга солиши учун уни лифт кабинасига жойлаштиришга қарор қилган.

Лаветнинг иши музейда кўргазмага қўйилган кунларнинг бирида назоратчи Элиза ван ден Берг танаффусдан қайтиб, банкалар йўқолганини сезиб қолган. Охир-оқибат уни чиқинди қопидан топган. Аниқланишича, музей чилангари лифтда банкаларга дуч келиб, уни ташлаб юборган.

Элиза ван ден Берг LAM’да яқиндагина иш бошлаган чилангардан хафа эмаслигини маълум қилди. «У шунчаки ўз вазифасини бажарди. Энди биз арт-объект саргузаштдан кейин дам олиши учун уни анъанавий постаментга ўрнатдик», — дейди аёл.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид