Жаҳон | 08:07 / 20.12.2017
12318
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Порошенкони истеъфога кетишга чақирди 

Фото: РИА Новости / Стрингер

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина президенти Пётр Порошенкога янги мурожаат йўллади. У мурожаатида Порошенкони кўнгилли тарзда истеъфога кетишга чақирди.

19 декабрда Украина президентининг матбуот котиби Саакашвилининг Порошенкога йўллаган мактубини ошкор қилганди. Саакашвили унда мамлакатдаги вазиятни издан чиқармасликка ваъда берган ва музокаралар таклиф қилган.   

Саакашвили биринчи мурожаати ошкор қилинишига жавобан Facebook’да иккинчи мурожаатни жойлаштирди. Саакашвили унда Порошенкога биринчи мурожаатида “ихтилофни ҳал қилишнинг йўлларини биргаликда қидиришни” таклиф қилганини эслаб ўтган. “Бироқ бунинг ўрнига сизга йўллаган мактубимни ошкор қилдингиз. Мен қаршимасман. Унда мен яширмоқчи бўлган бирор-бир нарса йўқ. Бироқ сиз бу билан ор-номусингиз йўқлигини кўрсатдингиз”, деб ёзган Саакашвили.

Саакашвили президентни у ва унинг тарафдорлари “Украинани яхши томонга ўзгартиришга қодир эмасликларини” тан олишга чақирган. Унинг фикрича, Порошенконинг истеъфога кетиши “мамлакатдаги сиёсий инқирозни енгиб ўтишдаги деярли охирги имкониятдир”. “Кўнгилли тарзда, халқ истаги олдида бошини эгганча истеъфога кетадиган президент жазонинг юмшатилиши ва афв этилишга умид қилиши мумкин”, деб мурожаат қилган Саакашвили.

Саакашвилининг фикрича, Порошенко тарихга “янги Украинанинг асосчиси” сифатида киролмайди. Унинг таъкидлашича, 54 фоиз украиналиклар Порошенконинг давлатни бошқаришидан кўнгиллари қолган, бунинг сабаби ислоҳотлар ўтказиш, коррупцияга қарши курашиш, бизнес учун қулай шароитларни яратишни истамасликдир. “Сени фақат бир нарса ташвишлантиради – сенинг миллиардларинг. Сен улар учун ҳар қандай қурбонга боришга, алдашга тайёрсан”, деб айтган Саакашвили.

Мавзуга оид