Ўзбекистон | 10:12 / 21.12.2017
18126
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан моддий бойликларни олиб чиқиб кетган қримлик аёлга шартли жазо белгиланди 

Ўзбекистондан музей қимматликларини олиб чиқиб кетган қримлик аёл шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 20 декабрь куни Россия Тергов қўмитасининг Қрим бўйича бош тергов бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

«Терговнинг барча далилларини инобатга олган ҳолда, суд Ўзбекистондан музей қимматликларини олиб чиқиб кетган қримлик аёлга уч йилга озодликдан маҳрум қилиш кўринишида жазо тайинлади, у шартли равишда қўлланилди. Маданий бойликлар ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасига қайтарилади», - дейилади хабарда.

Тергов маълумотларига кўра, қримлик аёл Ўзбекистоннинг ваколатли органларидан рухсат олмаган ҳолда, умумий қиймати 1,2 млн рубль бўлган музей қимматликларини Қримга контейнерда жўнатиб юборган. Контейнерни текшириш чоғида божхоначилар ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари араб тилидаги 29 та қўлёзма, шунингдек 16 та керамик буюмни топишган. Қримлик аёл музей қимматликларини олиб киришга ҳам рухсат олмаган.

Аёл Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 226.1-моддаси 1-қисми бўйича (Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида Божхона иттифоқи божхона чегараси орқали йирик миқдордаги маданий бойликларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) судланди. У шу йилнинг 3 ноябрида қўлга олинди. Иш 5 декабрь куни судга берилди.

 

Мавзуга оид