Россияда бир ойдан буён ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда. Украина армиясининг нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб тўхтовсиз зарбалари нефтни қайта ишлаш ҳажмини кескин даражада қисқартириб юборди. Кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказилиши тўхтаб қолди, ҳудудлардаги расмийлар эса уни сотишга чекловлар ўрнатди, шу билан бир вақтда, истеъмолчиларни талабни ҳаддан ташқари ошириб юборишда айбламоқда. Инқирознинг реал кўламини баҳолаш қийин, чунки Россия ҳукумати кўплаб маълумотларни очиқламаяпти. «Медуза» нашри эса очиқ манбалар асосида ёқилғи тақчиллиги қандай қилиб деярли бутун мамлакатни қамраб олгани акс этган хроникани тузиб чиқди.

2026 йил 21 май

Кремл спикери Дмитрий Песков журналистларга украин дронларининг нефт-газ саноати объектларига ҳужумлари туфайли ёқилғи тақчиллиги кутилмаётганини айтди. Бу вақтда эса улгуржи бозорда бензин тақчиллиги юзага кела бошлаганди: мустақил ёқилғи қуйиш шохобчалари менежерлари захираларни тўлдира олишмаётганидан шикоят қилишаётганди. Украина қуролли кучлари маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган Рязан областида чакана бозорда ҳам тақчиллик кузатилаётганди.

2026 йил 31 май

Аннексия қилинган Қримда бензинни талон асосида сотиш жорий этилди. Бир кун ўтиб ҳудуддаги йирик заправкаларда бензин тугаб қолди. Маҳаллий аҳоли вакиллари «Авито»да бензиннинг бир литрини 200-350 рубл нархда сотувга қўйди, бу расмий баҳодан икки баравар қиммат эди.

2026 йил 1 июн

Россия илк бор авиация керосини экспортини тақиқлади. Кўринишидан, бу чора ёрдам бермаган: июн ойи охирларига келиб «Азимут» авиакомпанияси авиаёқилғи билан боғлиқ оғир вазиятдан шикоят қилди, бундай шароитда парвозларни амалга оширишда давом эттиришдан «маъно йўқлиги» маълум қилинди.

2026 йил 3 июн

Москва шаҳри ва Москва областида ҳам бензин сотувига чекловлар қўйилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу вақтга келиб Санкт-Петербургда, чегарадаги Белгород ва Курск областларида, шунингдек, Украинанинг аннексия қилинган барча ҳудудларида ҳам ёқилғи тақчиллиги турли даражада сезила бошлаганди.