Жаҳон | 15:19 / 22.12.2017
14921
2 дақиқада ўқилади

Дунёда биринчи бўлиб. Франция нефть ва газ бўйича муҳим қарор қабул қилди

Фото: East News

Франция 2040 йилдан сўнг нефть ва газ қазиб олишни тақиқлайди. Бу президент Эммануэль Макроннинг қазиб олинувчи ёқилғидан фойдаланишни қисқартириш бўйича дастури бир қисми саналади. Қонун кучга кирганидан сўнг, Франция ҳамда унинг ҳудудларида нефть ва газни қазиб олиш ҳамда қидириш ноқонуний бўлади. Қазиб олишга берилган барча рухсатномалар 2040 йилда бекор қилинади, янгиларини бериш эса ҳозирдан тўхтатилади.

Франция шундай қонунни қабул қилган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда Макрон Twitter’даги микроблогида хабар берди ҳамда Дональд Трампга нисбатан таҳқирли #MakeOurPlanetGreatAgain ҳештегини қўйди. Бироқ, мамлакат иқтисодиётига янги қонун ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, сабаби Франция нефть ва газнинг 99 фоизини импорт қилади. Мамлакат бир йилда атиги 815 минг тонна нефтни ишлаб чиқаради (асосан, Франция Гвианаси ҳудудида) – Саудия Арабистони худди шунча ҳажмни бир неча соат ичида олади. Аммо, ҳукуматнинг ишонч билдиришича, бундай рамзий белги бошқа давлатларни шунга ўхшаш қонунларни қабул қилиш ҳақида ўйлаб кўришга мажбурлайди.

Макроннинг маълум қилишича, Франция глобал исишга қарши курашда жаҳон етакчиси бўлишга ҳаракат қилмоқда. У Дональд Трамп айби туфайли БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича дастурида юзага келадиган барча харажатларни қоплаб беришга ваъда қилди. Шунингдек, Франция ҳудудида 2040 йилга келиб ички ёниш двигателига эга автомобилларни тақиқлаш режалари борлиги ҳақида маълумот берди.

Мавзуга оид