Жаҳон | 07:55 / 23.12.2017
15801
2 дақиқада ўқилади

Очиқ коинотга биринчи бўлиб эҳтиёт мосламасисиз чиққан фазогир ҳаётдан кўз юмди

Фото: NASA

Инсоният тарихида очиқ коинотга биринчи бўлиб эҳтиёт мосламасисиз чиққан америкалик фазогир Брюс Маккэндлесс 80 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда НАСА коинот агентлиги хабар берди.  

“Бизнинг ўйларимиз ва дуоларимиз Брюснинг оиласи билан. У бошқарилувчи модулдаги парвози сурати бўйича абадий эслаб қолинади”, деб айтилган хабарда.

Брюс Маккэндлесс дастлаб АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учувчиси сифатида хизмат қилган, кейин эса НАСА фазогирлари сафига кирган. У, шунингдек, энг йирик коинот телескопи “Хаббл”нинг ўрнатилишида иштирок этган. 

Фазогир 1984 йилда коинотга илк парвози вақтида НАСА томондан махсус яратилган, фазогирларга коинотда ҳаракатланишга имкон берувчи MMU қурилмасида очиқ коинотга чиққан.

Маккэндлесснинг кема билан техник алоқасиз эркин парвози 6 соатга яқинни ташкил қилган. Фазогир кемадан 90 метр узоқлашишга муваффақ бўлган. Кейинроқ НАСА бу қурилмани хавфли деб топиб, ундан фойдаланишни тақиқлаб қўйган. 

Мавзуга оид