Жамият | 23:20 / 25.12.2017
37147
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари ўтган бир кунидан мутлақо қониқмаганини баён қилди

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида #Бугунги_Кунимдан_Умуман_Қониқмадим ҳэштеги остида бир куни қандай ўтганини баён этди.

«Кеча, соат 18:00. Прокуратурадан қўнғироқ қилишди ва бу сафарги чиқишнинг нечоғлик муҳим эканлигини таъкидлашди. Душанба куни соат 9:30 дан кечикмай Халқаро пресс-клубга келишимни тайинлашди. Хўп. Эрта тонгдан кунимни «режалаштирдим» ўзимча. Роса тайинланган Халқаро пресс-клуб роппа-роса икки-ярим соат (!) кеч бошланди.

Халқаро пресс-клубда эндигина ишга туширилган залга таклиф этишган экан, шу сабабли баъзи бир тўхталишлар бўлиши табиий. Соат 12:00. Куннинг ярми ўтиб бўлди. Энди пресс-клубни якунлаш учун залда ўтиришим кераклигини сўрашди. Соат 16:20 гача пресс-клубда лом-мим демай ўтирдим. Шерзод ака бор кучлари билан ҳаракат қилганлари аниқ, аммо...

Айтганча, бугун орзиқиб кутилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирлаш куни эди ва у 16:00 бошланиши керак эди. Кечикиб бўлса-да келдим. Соат 19:00. Ҳалигача шу ердаман...

Энг қизиғи, Президентимиз «Бугун нима қилдим ва халқим учун нима наф келтирдим деган саволни ҳар куни ўзингга бер», деганларини барчамиз биламиз ва эшитганмиз. Хўш? Нима қилдим? Бир неча кун олдин 4 соат тик туриб нималар деган эдилару, мен нима қилаяпман?

Шунақа гаплар, азизлар! Бугунги кундан қониқиш — 0%» деб ёзган ўз постида вазир ўринбосари ва:

#Мен_Ишлашим_Керак_Натижа_Керак

#Халқ_Рози_Бўлмайди_Ёшлар_Рози_Бўлмайди

ҳэштеглари билан уни якунлаган.

Мавзуга оид