22:00 / 26.12.2017
13963

Мажбурий обуна ҳақидаги мақолани ўқиб: маблағлар дунё тан олган асарларни чоп этишга йўналтирилиши керак

«Обуна мавсуми. Мажбурлашлар авж олаётган бу соҳани ҳам тартибга солиш фурсати етиб келмадими?» мақоласи юзасидан ўз фикрларимни билдиришга жазм қилдим.

Ҳар бир ота-она ўз фарзанди комил инсон бўлиши учун ҳаракат қилади. Таълим олиши учун унга керак бўлган барча шароитларни имконияти етгунча яратиб беради. Шу билан бирга, уй вазифаларини тайёрлашда кўмак бериш билан қайтадан «ўқувчи»га ҳам айланади.

Мен фарзандларимнинг кундалик уй вазифаларини бажаришлари назорати учун иложи борича дам олиш вақтимни уларга сарфлайман. Уй вазифалар якунлангач, болаларимда китобга муҳаббат қўйишлари учун улар ёшига мос, болалигимда ўқиган, ўз шахсий кутубхонамдаги бор китобларимдан қизиқ жойларини ўқиб бераман. Улар воқеаларнинг давомини билиш учун, бу асарларни ўзлари бошдан ўқиб чиқишади.

Шунинг учун бўлса керак ўқувчи фарзандларим мактаб кутубхонасидан китоб олиб келиб ўқишга жуда қизиқади. Лекин...

Мактаб кутубхонаси китоблари қайси бадиий кенгашлардан тасдиқланиб, мактаб остонасини хатлаб кириб келяпти? Имло хатоларига кўз юмсангиз, китоб мазмунида турган маънавий озуқани тополмай на ўқишни, на ўқимасликни биласиз. Охирги чорангиз «Кел болам, мен билан телевизорни томоша қил, шу бизга қизиқарлироқ маълумот беради», деб юборасиз.

Ҳар йилгидек бу йил ҳам фарзандларим ўз синфдошлари орасида камситилиши олдини олиш мақсадида, 2018 йил «мажбурий обуна»си учун 15 минг сўмдан, 2 бола учун 30 минг сўм бериб, «қоғознинг уволига қолгур» соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссамни қўшдим. Пул аччиғи — жон аччиғи эканми, Президентимиз гапларидан куч олиб, обуна жараёни юзасидан танқидий таҳлил қилишга ҳаракат қилдим.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги сайтига кириб, ҳозирги кунда мактабларда ўқувчилар сони қанча эканлигини билсам, сайтдаги маълумотга кўра ҳозирда Республика бўйича 9.680та мактабларда 4.808.058 нафар ўқувчи таҳсил олаётган экан.

Бу ўқувчиларнинг 15 фоизини шартли равишда турли тўлов ва йиғимлардан озод қилинган тоифа деб ҳисобласак, 4.086.849 нафар қолади. Қишлоқ жойидаги қуйи синф ўқувчисидан йиғилган 15 минг сўмни ўртача обуна учун йиғим деб ҳисоблаб, 15 мингни 4.086.849 нафар болага кўпайтирсак, 61 миллиард 302 миллион 735 минг сўм қиймати ҳосил бўлади. 61 миллиард сўм экан-да, дейишга шошилманг. Бу — хомчўт. Яна бу маблағни семиришини истасангиз узоқдан изламаймиз. Ўқитувчилар, шифокорлар, пенсионерлар, талабалар, ишчилар ва хизматчилар... хуллас барча давлат бюджетидан даромад олувчи фуқаролар.

Шу қадар катта маблағ йиғилиб, қайсидир ҳисоб рақамларга ўтиб, қайсидир кимларнинг оиласи яшаш тарзини обод бўлиши аниқ, лекин жамиятчи, жамиятга бундан нима фойда? Бу маблағлар китоб ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга сарфласа бўлмайдими?

Агар бу маблағларни қабул қилиб олаётган нашрлар зиммасига ҳеч ким ўқимайдиган газета-журналини босиб чиқаргандан кўра, ўша маблағлар доирасида ҳар бир обуначисига илмий, адабий, бадиий йўналишдаги дунё тан олган асарларини ўзбек тилида сифатли чоп қилиб китоб шаклида етказиб беришганда, менимча бизнинг болаларимиз интеллект жиҳатидан японларни ҳам, корейсларни ҳам ортда қолдиришлари аниқ.

Бу билан мен мажбурий обунани Республика бўйича батамом тугатиб, мажбурий йиғимлар ҳисобига фаолият юритадиган китоб соҳасида фаолият юритадиган ягона давлат органи ташкил этишни лозим, деб ҳисоблайман.

Ушбу давлат органи тушган маблағлар ҳисобидан жаҳоннинг тенгсиз, дурдона асарларини Ўзбекистон халқларининг тилларига ўгириш, уларни сифатли чоп этиш ва барча корхона, ташкилот ва муассасалар кутубхонаси фондини бойитиб бориш вазифалари юклатилиши лозим.

Мен бир юрт фарзанди сифатида ушбу соҳани ривожи учун мажбурий обуна учун бериб келаётган пулимни ҳар йили ўз ихтиёрим билан йиғим беришга тайёрман.

Даврий нашрлар соҳаси ислоҳотга муҳтож. Буни давлат миқёсида амалга ошириш зарур.

Ҳозирги глобаллашув замонида ҳеч қандай ахборот газета ва журналларда босилиб чиққунча тарқашини кутиб турмайди. Даврий нашрлардан ахборот олишга жамият эҳтиёжи тобора камайиб бормоқда.

О.Қурбонова,

Фарғона вилоятидан.

KUN.UZ таҳририятига: Ўтган ой бир давлат органига бир таклиф билан чиқсам, хонадонимга 7 киши келиб, «Сизнинг фикрингиз биз учун жуда қимматли, келгусида бу фикрингиз бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлашда фойдаланамиз, лекин бизда ижро интизоми шунақа, прокуратура текширади, шунинг учун биз билан бирга расмга тушиб берасиз, бундан ташқари фикрингиз бўйича текшириш ўтказганлигимизни тасдиқлаб, тушунтириш хати ёзиб беришингиз керак», деб туриб олди. Уларнинг барчаси кимнингдир «ақлли» топшириғи билан узоқ манзилдан келганлигини тушуниб, дарров уларни бу юкдан халос қилдим.

Шу сабабли манзилим ва исмимни қисқа қилдим.

Top