Боғдод тумани ҳокими ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклади
Фарғона вилояти Боғдод туманидаги педагогика коллежининг зиммасига бу йил газета ва журналлар учун қарийб 24 млн сўм обуна режаси қўйилган. Бу режани бажаролмаган коллеж директори туман ҳокимининг ўринбосари томонидан калтакланди.

Фото: Kun.uz
Коллеж директори Шуҳрат Қосимовнинг Kun.uz'га айтишича, жанжал 14 ноябр куни Боғдод тумани ҳокимияти биносида юзага келган. Туман ҳокимининг ўринбосари бошчилигида эрталаб соат 8:00да обуна масаласида йиғилиш бўлиб ўтган.
Қосимовга кўра, шу вақтгача маҳаллий ҳокимликлар томонидан ижтимоий соҳа вакилларининг деярли ҳаммаси, айниқса мактаб, коллеж, лицей ходимлари доимий равишда мажбурий обунага жалб этиб келинган.
“Йилига 3 ой учун обуна пулини тўлардик, 5–5,5 млн сўм бўларди. Лекин бу сафаргиси жуда ошиб тушди, 24 млн сўмлик план беришди”,– дейди у Kun.uz мухбирига.

“Ҳар бир газета, журналлар сонига бўлиб, шу суммани чиқаришимиз кераклиги айтилган. Бу бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ, ҳаммаси оғзаки равишда айтилган. Шу рўйхатни ҳаммамизга беришган, энди шу рўйхатни бўлишга ҳаракат қилиб ётибмиз. Йиғилишда шу масалалар кўтарилиб, охирги 3- ёки 4-навбатда менга келди. Соат 8:25лар эди, мендан нимага “план”ни бажармаётганимни сўрашди. Мен 5,5 млн сўмлик қилганимни, лекин 24 млн сўмликка улгурмаганимни айтдим. Ўқитувчиларга бу ишни қилдира олмаслигимни айтдим.
Кейин ҳоким ўринбосари: “Ўқитувчиларга нега қилдирмаяпсиз, улар ҳам биттадан тўлашса, уриниб қолишмайди, ҳаммаси “премия” олади, ман “премия”ларини ҳам текширтираман, биттадан қилишга мажбурсизлар”, деди. Мен ҳам бундай қилишга ҳаққим йўқлигини айтиб туриб олдим. Апрел ойида ўзимда пул бўлади, қолганини майли қилиб бераман деб тушунтиришга уриндим. Шунда костюмини ечди-да, олдимга келиб: “Сиз топшириқларни бажармаяпсиз”, деди. Нима қилиб топшириқларни бажармаяпман дейишимни биламан, ўнг томон юзим, жағимга мушт келиб тушди.
Йиқилиб, ҳушимдан кетдим. Кейин шу вақтда олдимга ходимлар келиб, котибанинг хонасига олиб тушиб қўйишган экан. Бошим айланиб, кўнглим айниб қолганди. 4-5 дақиқа тинч ўтиргач, ҳокимнинг олдига тушдим. Бўлган воқеани айтиб бердим, лекин бефарқ бўлишди”, – дейди Шуҳрат Қосимов.
Зарбадан сўнг ўша куни Қосимовнинг аҳволи оғирлашган, қон босими кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қилган. Тез ёрдам чақирилгач, унга гипертония ташхиси қўйилиб, дастлабки муолажалар қилинган. Шундан кейин шифохонага ётқизилган.


Айни вақтда коллеж директори шифохонада даволанмоқда. Шифокорларга кўра, директорнинг миясида чайқалиш ва ўнг жағ қисмида шикастланиш бўлган.
Суриштирув давомида мажлисда бевосита иштирок этган ва жанжалга гувоҳ бўлган ходимлар ҳоким ўринбосарининг коллеж директорини урганини тасдиқлашди. Аммо хавфсизлик нуқтайи назаридан номлари ошкор қилинишини исташмади.
Kun.uz ҳолат юзасидан Боғдод тумани прокуратураси билан ҳам боғланди. Туман прокурори ўринбосари Мурод Юсуповга кўра, ҳозирда вазият бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
“Ҳолат бўйича воқеа жойига чиққанмиз, айни вақт хизмат текшируви тайинланган, экспертиза қилиниб, ҳамма ишларни бажаряпмиз. Тушунтириш хатлари олиниб, текширувларни амалга оширяпмиз”, – деди Юсупов.
Kun.uz манбаларига кўра, ҳоким ўринбосарининг бу хатти-ҳаракатлари юзасидан жиноят иши очилиши кутилмоқда, аммо мансабдорлар ишни ёпди-ёпди қилиш жараёнида бўлиши ҳам мумкин.
Тавсия этамиз
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Temu Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Ўзбекистон | 20:25 / 18.03.2025
Иккиламчи автомобил бозори: Lacetti, Cobalt, Spark ва Onix нархи арзонлашди
Ўзбекистон | 12:42 / 18.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Мисрда 3600 йил аввал ҳукмронлик қилган сирли фиръавннинг қабри топилди
Фан-техника | 01:57
-
Хитойда институтнинг собиқ ходими жосуслик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди
Жаҳон | 00:55
-
Андижонда «Зил» юк машинаси ёниб кетди
Жамият | 23:42 / 19.03.2025
-
Трамп ва Путин мулоқоти: баёнотларга қараб, қандай хулосалар қилиш мумкин?
Жаҳон | 23:34 / 19.03.2025
Мавзуга оид

22:05 / 17.03.2025
Ёшлар етакчилари “Ibrat Academy” иловасининг пулли версиясини сотиб олишга мажбурлангани айтилди. Агентлик буни рад этди

19:28 / 22.07.2024
“Турар жойлар суд бошқарувчиси томонидан сотувга чиқарилган” – Универсал банк Фарғонадаги “дом” можаросига муносабат билдирди

12:00 / 18.07.2024
Тошкентдаги “Азиа инвест” можароси Фарғонада такрорланяпти. Фуқаролар ҳукуматдан нажот кутмоқда

11:22 / 01.06.2024