Жамият | 22:37 / 27.12.2017
11520
2 дақиқада ўқилади

2017 йилда миллиардерлар 1 триллион долларга бойидилар – Bloomberg

2017 йилда дунёдаги миллиардерлар деряли 1 триллион долларга бойидилар. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги ўзининг 500 нафар энг бой одамлар рейтингидаги маълумотлар асосида маълум қилди.  

Тадқиқотнинг кўрсатишича, бу рўйхатдаги 440 миллиардернинг умумий бойлиги 1,05 трлн долларгача ошган. Рейтингдаги 58 миллиардернинг бойлиги эса 46 млрд долларга камайиб кетган. 

Рўйхатда келтирилган энг бой одамларнинг умумий бойлиги 2016 йил 27 декабрига нисбатан 23 фоизга ошган. 

Рўйхатда келтирилган 159 нафар америкалик миллиардернинг умумий бойлиги 18 фоизга ошиб, 2 трлн долларни ташкил қилди. Хитойнинг 38 нафар энг бой одамининг умумий бойлиги 65 фоизга ёки 177 млрд долларга ошган. Хитойда бой одамларнинг давлати ошиши суръатлари дунёда энг юқори бўлди. 

27 нафар россиялик миллиардернинг умумий бойлиги 28 млрд долларга ошиб, 275 млрд долларни ташкил қилган. 

Bloomberg талқинига кўра, сайёрамизнинг энг бой одамлари рўйхатининг энг юқори поғонасини америкалик тадбиркор, Amazon интернет-ритейлери раҳбари Жефф Безос эгалламоқда. Унинг бойлиги 99,6 млрд долларга баҳоланмоқда ва кўринишича яқин орада у бойлиги 100 млрд доллардан ошадиган илк одам бўлади. Безоснинг бойлиги бир йил ичида 34,2 млрд долларга кўпайган ва бу унга Microsoft асосчиларидан бири, кўп йиллар давомида дунёнинг энг бой одами бўлиб  келган Билл Гейтсни 2-ўринга туширишга имкон берган. Ҳозирда Гейтснинг бойлиги 91,3 млрд долларни, бир йил давомидаги ўсиш 8,9 млрд долларни ташкил қилмоқда.  

Bloomberg рейтингига кўра, ҳозирда энг бой хитойлик умумий рўйхатда 26-ўринни эгаллаётган, Evergrande девелоперлик компанияси бошқарув раиси Сюй Цзяинь ҳисобланади. Унинг бойлиги 33,3 млрд долларга баҳоланган ва ўтган бир йил ичида 22,.7 млрд долларга ёки 350 фоизга кўпайган. 

Мавзуга оид