Жаҳон | 23:50 / 27.12.2017
16910
2 дақиқада ўқилади

Ҳинд океанида 7 ой сузиб юрган сайёҳ қутқарилди

Фото: snsm

25 декабрда Реюньон ороли соҳиллари яқинида, Ҳинд океанида носоз қайиқда 7 ой бир ўзи сузиб юрган польшалик сайёҳ қутқарилди. Бу ҳақда Франциянинг денгизларда қутқариш жамияти (SNSM) маълум қилди.   

Маълум қилинишича, 56 ёшли Збигнев Рекет 20 май куни Комор оролларидаги Самира шаҳридан Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳри томон сузиб кетган. Сайёҳга портда топиб олинган мушук ҳамроҳлик қилган.

Саёҳат давомида қайиқнинг двигатели ишдан чиққан, шундан кейин қайиқ бошқарувсиз қолиб кетган. “Мен кемани бошқаролмай қолдим. Мени тўлқинлар Сомали, кейин Мальдив, Индонезия, Маврикий ва охир-оқибат Реюньон соҳилларига олиб кетган. Мен қуруқликни кўп марта учратдим, бироқ у томон боролмасдим”, деб эсламоқда сайёҳ. 

Сайёҳда ҳеч қандай алоқа воситаси бўлмаган. Бундан ташқари, у фақатгина бир ойга етадиган озиқ-овқатга эга бўлган. Егуликлар тугагандан кейин, у балиқ тутиб, ёмғир сувини ичишига тўғри келган. 

Қутқарувчилар қайиқни 25 декабрда аниқлашган. Сайёҳ қуруқликка етказилган. Таъкидланишича, у жуда ориқлаб кетган.

Мавзуга оид