Меҳнат муносабатларида камситилиш ҳолати нима ва ундан шикоят қилиш тартиби қандай?
САВОЛ: Мамлакатимиз қонунлари орқали меҳнат муносабатларида камситишнинг тақиқланиши тўғрисида кўп эшитганман. Амалиётда бу нимани англатади ва ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун қаерга мурожаат қилишимиз лозим?
С.Жўраев
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар. Бу Меҳнат кодексининг 6-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг «Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида»ги 111-сон (1985 й) Конвенциясини ратификация қилган.
Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик қобилиятига ва улар меҳнатининг натижасига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклаш ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш, деб ҳисобланади.
Меҳнат соҳасида ўзини камситилган, деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаро камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 9-моддасига биноан Сиз Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, касаба уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларга мурожаат этишингиз мумкин.
Саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юридик хизмати раҳбари Давлатназар Матрасулов жавоб берди.
Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.
Мавзуга оид
14:10 / 02.10.2024
Меҳнат органларига мурожаат қилганлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши олди олинади
08:44 / 28.05.2024
Ўзбекистон меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётгани маълум қилинди
08:17 / 13.05.2024
Меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилаётган соҳалар маълум қилинди
19:18 / 02.05.2024