Жаҳон | 09:20 / 04.01.2018
4808
2 дақиқада ўқилади

Трамп президентлиги вақтида АҚШ охирги 15 йил ичида энг кам сонда қочқинларни қабул қилди – ОАВ

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп вақтида АҚШда 29022 қочқин қабул қилинди. Бу эса охирги 15 йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда давлат департаменти маълумотларига асосланиб USA Today нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, охирги марта бундай кам сондаги қочқин 2002 йилда қабул қилинган. Ўшанда 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин қочқинлар қабул қилиниши анча қисқарган.

“Жорж Буш ва Барак Обама президентлиги вақтида қочқинларни қабул қилишга квоталар йилига 70-80 минг киши атрофида бўлган. 2016 йилда ўз давлатларида сиёсий, миллий, диний ва бошқа сабабларга кўра таҳқирланадиган кишиларга мўлжалланган бу дастур бўйича 94,8 минг киши қабул қилинган”, дейилган хабарда.

Нашрнинг эслатишича, Трамп сайловолди кампаниясидаёқ АҚШнинг иммиграция сиёсатини қатъийлаштиришга ваъда берган. Трампнинг таъкидлашича, мамлакатга қочқинлар кўринишида террорчилар кириб олиши мумкин. Октябрда Трамп 2018 молиявий йилда энг кўпи билан 45 минг қочқинни қабул қилишга рухсат берувчи фармонни имзолаган.

Нашрнинг таъкидлашича, бу фармон билан 11 та давлат – Миср, Эрон, Ироқ, Ливия, Мали, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Жанубий Судан, Сурия ва Яман фуқаролари қочқинчлар дастури бўйича АҚШга кўчиб ўтиш имкониятидан деярли маҳрум этилдилар. 

“Бу давлатлар фуқаролари АҚШда 2017 йилда қабул қилинган қочқинларнинг 44 фоизини ташкил қилади”, дейилган нашрда.

Мавзуга оид