Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
Европа Иттифоқи мамлакатлари украиналик қочқинлар учун вақтинчалик ҳимоя мақомини 2028 йил мартигача узайтиришни қўллаб-қувватламоқда. Бироқ айрим давлатлар ҳарбий хизмат ёшидаги эркакларга нисбатан ушбу тартибни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда.
Бу ҳақда Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Адлия ва ички ишлар кенгаши йиғилиши якунлари бўйича Кипрнинг миграция масалалари бўйича вазир ўринбосари Николас Иоаннидес маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, йиғилиш Европа давлатларининг Украинага нисбатан қўллаб-қувватлови сақланиб қолаётганини кўрсатган. Шу билан бирга, қарор қабул қилувчи давлатлар қабул қилинган қочқинлар оқими мамлакатларга ортиқча босим юклашига йўл қўймасликка интилмоқда.
Музокараларда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири — 23 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбур эркакларни вақтинчалик ҳимоя директиваси доирасидан чиқариш эҳтимоли бўлди.
Европа Иттифоқининг ички ишлар ва миграция бўйича комиссари Магнус Бруннернинг таъкидлашича, бу масала украин томонидан ҳам кўтарилган.
«Бу — украиналикларнинг ўзи ҳам биздан сўраётган масала», — деди Бруннер.
Унинг айтишича, муҳокамаларда Чехия, Польша, Германия, Австрия ва Болтиқбўйи давлатлари каби украиналик қочқинларни энг кўп қабул қилган мамлакатлар вакилларининг фикрлари ҳам эшитилган.
Еврокомиссар яқин ҳафталарда Европа комиссияси украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя мақомининг кейинги тақдири бўйича расмий таклифни тақдим этишини маълум қилди. Ушбу таклиф Европа Иттифоқи аъзо давлатлари томонидан малакавий кўпчилик овоз билан тасдиқланиши лозим.
Ҳозирча ҳарбий хизмат ёшидаги эркакларни вақтинчалик ҳимоядан чиқариш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.