Жаҳон | 08:40 / 06.01.2018
9061
3 дақиқада ўқилади

Франция АҚШнинг Эрондаги ҳодисаларни баҳолашига қўшилмаслигини маълум қилди 

Фото: Shutterstock

Париж Вашингтоннинг Эрондаги ҳодисаларни баҳолашига қўшилмайди. Франциянинг БМТдаги доимий вакили Франсуа Делаттр АҚШни Эрондаги вазиятни ўз фойдасига қўллашдан огоҳлантирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ ташаббуси билан 5 январда Эронда юз берган охирги ҳодисалар бўйича йиғилиш ўтказди. 4 январда АҚШнинг БМТдаги вакили Никки Хейли Эрондаги вазият Сурия сценарийси бўйича кетиши хавфидан огоҳлантирганди. 

“Эронда охирги кунларда юз бераётган ҳодисалар қанчалик хавотирли бўлмасин, моҳиятан улар халқаро тинчлик ва хавфсизликка хавф солмайди. Биз юз бераётган ҳодисаларга тегишли тарзда муносабат билдиришимиз керак, бошқача айтганда, биз вазиятни кузатишимиз ва осойишта намойишлар доирасида юз бераётган ҳодисалар борасида огоҳ бўлишимиз лозим”, деб айтган Делаттр.

Унинг айтишича, “бу инқирозни ўз шахсий эҳтиёжлари учун қўллашга исталган уринишлардан қочиш” лозим. “Бу диаметрал қарама-қарши натижаларга олиб келиши мумкин”, деб қўшимча қилди франциялик дипломат.

“Эрондаги ўзгаришлар ташқаридан эмас, балки Эрон халқининг ўзидан келиб чиқиши керак”, деб айтган Делаттр.

Эронда 28 декабрдан ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ўтиб келмоқда. 

Франциянинг позициясини Хавфсизлик кенгашининг қолган аъзолари ҳам қўллаб-қувватлашган. Жумладан, Хитойнинг БМТдаги вакили У Хайтао “Эрондаги вазият халқаро тинчликка таҳдид қилмаслигини” айтган. “Эрондаги ички вазиятни муҳокама қилиш Кенгашнинг БМТ низомида ёзилган мажбуриятларига мос келмайди. Бу Эрондаги ички муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бермайди”, деб айтган Хайтао.

Бироқ Буюк Британиянинг БМТдаги вакили Мэттью Райкрофт Лондонда Теҳронга нафақат охирги ҳодисалар билан боғлиқ ҳолда эътирозлар борлигини айтган. “Бирлашган қироллик Эрондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан хавотирда ва бу нафақат намойишчиларга тааллуқли. Ўлим жазоларининг ижроси давом этиши, заиф ҳуқуқий тизим, фикрни билдириш ва диний эркинликларнинг чекланиши – буларнинг барчаси бизни ташвишлантирмоқда”, деб айтган Райкрофт.

Мавзуга оид