Ўзбекистон | 18:26 / 07.01.2018
79646
4 дақиқада ўқилади

Валюта ёқиб, электр энергияси ишлаб чиқараяпмиз – Президент

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюриб, фаоллар билан учрашгани ҳамда унда маъруза қилгани ҳақида хабар қилган эдик. Давлат раҳбари ўз нутқида электр энергияси ва аҳолини газ ва кўмир билан таъминлаш муаммоларига ҳам эътибор қаратди.

““Ўзбекэнерго” АЖ (Мустафоев) 2018 йилда вилоятда 349 км электр узатиш тармоқлари ва 80 та трансформаторни янгидан қуриш ва реконструкция қилишни таъминласин. Электр ўчди, деган нарса Тошкент вилоятига ёт бўлиши керак. Лекин ҳар куни ўчади. Айниқса, рўза кунлари, мўмин мусулмонларимиз саҳарликка турганида ҳамма ер зимистон. Қайси даврда яшаяпмиз? Мустафоев 349 км электр узатиш тармоқлари ва 80 та трансформатор – 6 ойда бажарасан”, - дея кўрсатма берди давлат раҳбари.

Президент, шунингдек келгуси йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи электр энергиясининг32 фоизи ГЭС ҳиссасига тўғри келишини маълум қилди. 

““Камолот” ГЭСини қуриш ва 2 тасини реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 82 млн доллар бўлган инвестицияга доир 2 та қарорни имзоладим. Нима учун гидроэлектроэнергия? Мана, Хитойдан 1 млрд доллар кредит оляпмиз. Умуман Ўзбекистонда келгуси 5 йил ичида электр энергиянинг 32 фоизини ГЭСга ўтказамиз. 

Мана Россия билан тарихда биринчи марта АЭС қуриш бўйича шартнома туздик. Нима учун? Биз эртанги кунимизни ўйлаяпмиз. Навоийга ёки бошқа жойларга Япониядан электрстанцияларни қуриш мумкин. Лекин улар ишлаб чиқараётган электр энергияни сотиб оладиган жамият, одамлар керак. У қиммат электр энергия. У зўр станция, лекин уни сотиб оладиган ташкилот борми Ўзбекистонда? Қайси корхона, қайси одам у қиммат электр энергияни сотиб ололади? Ҳали биз тайёр эмасмиз-ку?

Навоийда қанақа электр энергияси ишлаб чиқараяпмиз? Биз газни, валютани ёқиб электр энергияси ишлаб чиқараяпмиз, унинг пулини ҳеч ким тўламаяпти. Нимага десанг, тўлайдиган ташкилотни ўзи йўқ. Кимга керак бунақа иқтисодиёт? Албатта, бу нарсаларни бугун ўйлайдиган вақт келди”, - деди президент.

Мирзиёев, “Ўзтрансгаз” АЖга раҳбарига топшириқ бериб, 2018 йил қиш мавсумида аҳолига узлуксиз ва керакли босимда газ етказиб бериш кераклиги, шунингдек суюлтирилган газ ишлаб чиқишни кўпайтириш ва аҳолини 30 минг дона ижтимоий газ балонлари билан етарлича таъминлаш зарурлигини уқдирди. 

“Келгуси йилда, кўмир қазиб олиш бўйича энг юқори натижага чиқамиз. Йилига 6 млн тонна кўмир қазиб олинади. Шарғунда катта қўшма корхона очдик. Унинг калорияси катта. Уни чет элга экспорт ҳам қиламиз. Шу вақтгача кўмирни Қозоғистондан импорт қилар эдик. Худо хоҳласа, келаси йил импорт бўлмайди. Келгуси йил миқдорини кўпайтириб, нархини арзонлаштирамиз”, - дея маълум қилди давлат раҳбари. 

Президент шунингдек автомобиль йўллари ва маҳсулотларни экспорт қилиш хусусида топшириқларини берди.

“2018 йилда вилоятда 721 км автомобиль йўлларини таъмирлаш чоралари кўрилади. Вилоят аҳолисига Нурафшон шаҳрини туманлар марказлари ва шаҳарлар билан мунтазам автобус қатнови билан боғлаш чора-тадбирлари тасдиқлансин. 3 ой муҳлат. 
200 та янги автобус ва янги йўналишлар. Тошкент вилоятида автобус қатнови маданияти ошсин. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорликда бир ой муддатда ҳудуддаги ҳар бир янги корхонани экспортга йўналтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. “Ўзбекенгилсаноат” Қуйи Чирчиқ туманида каноп ишлаб чиқаришни кластер асосида қайта тиклаш чораларини ишлаб чиқиб, Вазирлар маҳкамасига киритсин”, - деди Мирзиёев. 

Мавзуга оид