Жаҳон | 23:07 / 08.01.2018
11979
2 дақиқада ўқилади

АҚШ “террорчиликка қарши уруш”га қанча маблағ сарфлагани маълум бўлди   

Фото : David B. Gleason

АҚШ бутун дунё бўйлаб “террорчиликка қарши уруш” учун 5,6 трлн доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган. Бундай маълумотни АҚШнинг Браун университети мутахассислари олиб борилган Costs of War лойиҳаси натижаларига иқтибос келтирган ҳолда The Nation нашри хабар берди.

Таъкидланишича, ҳақиқий харажатлар бу маблағдан кўпроқ бўлиши мумкин. Декабрда АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда Вашингтон “Яқин Шарққа аҳмоқларча 7 трлн сарфлагани” айтилган постни жойлаштирган. Мақолада айтилишича, Трампнинг бу сўзлари Costs of War’нинг прогнозларини тасдиқлайди. Унга кўра, 2050-йилларга келиб жангариларга қарши кураш учун харажатлар деярли 8 трлн долларга етади.

Тадқиқот доирасида “террорга қарши кураш” харитаси тақдим қилинган. Харитага кўра, АҚШ ҳарбий мавжудлиги у ёки бу шаклда 76 та давлатда сақланиб қолган. Улар орасига АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари мунтазам авиаҳужумлар уюштирадиган ҳудудлар билан бирга америкалик мутахассислар маҳаллий қўшинларни ўртагадиган давлатлар ҳам киради.  

Шу билан бирга Вашингтон ҳаракатлари самарадорлиги мутахассисларда катта шубҳа туғдирмоқда. “Буюк шаҳарлар тошлар уюмига айланди, ўн миллионлаб одамлар уйларини тарк этди, миллионлаб қочқинлар бошқа давлатлар хотиржамлигини бузиб, чегараларни кесиб ўтмоқда”, деб айтилган мақолада. 

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, АҚШда “террорчиликка қарши уруш”га кетган харажатлар ва интервенцияларнинг якуний натижалари муҳокама қилинмайди. 

Мавзуга оид