Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп: Эрон билан тузилган муваққат келишув «тугади»
АҚШ Президенти Доналд Трамп Форс кўрфазида содир бўлган навбатдаги зарбалар алмашинувидан кейин Эрон билан урушни тугатиш бўйича эришилган муваққат келишув «тугагани» айтди.
Туркиядаги НАТО саммити олдидан журналистлар Трампга ўтган ойда эришилган АҚШ-Эрон англашув меморандуми ниҳоясига етдими, деб савол берди:
«Бу жуда қизиқ савол. Менимча, ҳаммаси тугади. Улар билан иш кўришни хоҳламайман».
Анқарада журналистларга гапирар экан, у: «Улар — разиллар. Улар — касал одамлар. Уларга касал одамлар раҳбарлик қилмоқда.
.@POTUS on the status of the ceasefire with Iran: "To me, I think it's over. I don't want to deal with them anymore. They're scum... They're led by sick people... I'll speak to our negotiators. They want to negotiate—they're good people... but they have to come back to me. As far… pic.twitter.com/6eYfwMxSdn
— Rapid Response 47 (@RapidResponse47) July 8, 2026
Менинг фикримча, улар билан шуғулланиш шунчаки вақтни беҳуда сарфлашдир. Улар — ёлғончилар. Биз келишув тузамиз, ҳамма рози бўлади, ядро қуроли бўлмайди деб келишилади. Биз келишув тузамиз, улар эса кўчага чиқиб, матбуотга бу ҳақда ҳатто гаплашмаганмиз ҳам, деб айтишади. Уларнинг миясида нимадир жойида эмас. Улар ақлдан озган (телба). Мен учун ҳаммаси тугади», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters нашри.
«Улар гапиравериши мумкин, лекин барибир вақтларини бекорга кетказишяпти, деб ўйлайман», деди АҚШ етакчиси.
Эрон: сулҳнинг баъзи қисмлари «самарасиз»
Кўрфаздаги ҳужумлардан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот эълон қилиб, Теҳроннинг нефть сотиш лицензиясини бекор қилиши ва АҚШнинг янги ҳарбий зарбалари — амалдаги ўт очишни тўхтатиш келишувининг айрим қисмларини «самарасиз» қилиб қўйганини билдирди.
Эроннинг таъкидлашича, АҚШнинг Ҳўрмуз бўғозидан хавфсиз ўтишни таъминлаш бўйича Теҳрон тартиб-қоидаларига аралашиши муваққат сулҳ битимини амалга ошириб бўлмайдиган ҳолатга келтирмоқда.
Эрон баёнотида, шунингдек, минтақадаги давлатлар ўз ҳудудларидан АҚШнинг Эронга қарши янги ҳужумлари учун фойдаланишга рухсат бермаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирилган.
Кўрфазда ҳарбий ҳаракатларнинг кескинлашиши нефть нархини сўнгги икки ҳафталик энг юқори даражага кўтарди.
Ҳўрмуз бўғозида танкерларга қилинган ҳужумларга жавобан 8 июнга ўтар кечаси АҚШ кучлари Эрон нишонларига зарба берди. Шундан сўнг Эрон ҳам АҚШнинг Баҳрайн ва Қувайтдаги ҳарбий объектларини нишонга олганини маълум қилди.
Ушбу ҳужумлар ўтган ойда эришилган дастлабки келишувни доимий тинчлик битимига айлантириш борасидаги уринишларга янада путур етказди. Уруш жорий йил 28 февралида АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган ҳаво зарбалари билан бошланган эди.