Helite компанияси инсонлар учун хавфсизлик ёстиқчаси яратди
Автомобилларнинг хавфсизлик ёстиқчаси аллақачон сизу бизнинг ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган, лекин инсонлар учун хавфсизлик ёстиқчаси — чиндан ҳам янгилик. Лас Вегас (АҚШ)да ўз эшикларини ташриф буюрувчиларга очган ҳар йили ўтказиладиган анъанавий CES 2018 кўргазмасида Франциянинг Helite компанияси ўзининг янги ишланмаси — худди автомобилларга ўрнатиладигани сингари хавфсизлик ёстиқчасига эга камарни намойиш этди, деб ёзади Hi-News.
Helite узоқ йиллардан бери турли шакл ва мақсадлар учун: кичикроқ самолётлар учувчилари, мотоциклчилар ҳаттоки чавандозлар учун хавфсизлик ёстиқчалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу йил улар хавфли ҳобби ва спортнинг экстремал турлари билан шуғулланишни севувчилар учун хавфсизлик ёстиқчаларининг янги авлодини анонс қилишган эди. Янгиликка Hip’ Air деб ном берилди, унинг вазни 1 килограмм, ташқи кўринишидан оддий камарни эслатади, бироқ у инсоннинг йиқилишига дарҳол реакция кўрсатиб, бели атрофида шишириладиган хавфсизлик ёстиқчаси ҳосил қилади.
Ўртача олганда, инсоннинг кескин йиқилиши ҳам 400 миллисекунд вақтни талаб қилади. Hip’ Air’да ўрнатилган юқори аниқликдаги гироскоплар ва акселерометрлар 200 миллисекунддан сўнг йиқилишни қайд этиш имконини беради, хавфсизлик ёстиқчаларининг ҳаво билан тўлдирилиши яна 80 миллисекунд вақтни олади. Шу қисқа вақт спортнинг экстремал турлари билан шуғулланувчи инсонларда бел ва умурқтанинг жиддий талофатга учрамаслигини таъминлаш учун етарли. Бош эса, табиийки, хавфсизлик шлеми ва бошқа қурилмалар билан ҳимоялангани маъқулроқ.
Қурилма Европа ҳудудида шу йилнинг мартидан бошлаб савдога чиқарилади, АҚШда эса кейинроқ — сентябрдан сотила бошлайди. Хавфсизлик ёстиқчасининг нархи бироз чақиб олади — 790 доллар. Фойдаланганидан сўнг уни яна зарядлашни истасангиз яна ҳар сафар 50 доллар сарфлашга тўғри келади. Қиммат дейсизми? Албатта қиммат, лекин саломатлик бунда ҳам қимматроқ-ку?
Мавзуга оид
21:24 / 13.01.2018
CES-2018: энг яхши смартфон, телевизор, ноутбук, дисплей ва дрон
17:05 / 11.01.2018
«LG OLED каньони» CES меҳмонларида ҳайрат уйғотди
13:30 / 11.01.2018
LG ошхонадаги юмушларни фантастик даражада осонлаштирди
12:20 / 05.01.2018