Ўзбекистон | 19:53 / 08.01.2018
64772
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Ҳалол» стандарти жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ҳалол» стандарти қабул қилинди. Бу ҳақда агентлик Матбуот хизмати хабар беради.

Агентлик хабарида муқаддас Қуръон карим оятларидан иқтибос келтирилган:

«Эй, инсонлар! Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз у сизларнинг очиқ душманингиздир» - Бақара сураси 168-оят.

Хабарда маълум қилинишича, инсоният ҳалолликка интилиши табаррук заминдан етишиб чиққан Имом Бухорий, Мотуридий, Имом Ат Термизий, Навоию, Берунийлар авлодларини камолга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

«Олам яралибдики, инсонга ҳалол, соғлом яшаш, фарзандларини соғлом тарбиялаш неъмат сифатида буюрилган. Эккан дарахтларимиз, нафас олиб турган ҳавомиз, луқма нонимиз, ичаётган сувимиз барчаси ҳалол бўлиши керак, деб буюрилган. Ҳалолликни доимо таъминлаш ва келажак авлодга мерос қолдириш динимиз томонидан инсониятга фарз қилинган. Шу боис, бутун дунёда озиқ-овқат, сув, кийим-кечак, соғлиқ ва тижорат каби барча соҳаларда ҳалол ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳалол озиқ-овқат, ҳалол туризм, ҳалол текстиль, ҳалол тиббиёт каби соҳаларни замонавий технологиялар ёрдамида аслини йўқотмаган ҳолда ривожлантириш ва келажак авлодга мерос қолдиришимиз лозим. Биз ва авлодларимиз бу қимматли неъматларнинг қадрига етиб, ҳалол еб, ҳалол ичиб, ҳалол яшашимиз жоиздир. Биз ўз зиммамизга тушган вазифани виждонан бажаришимиз ва инсониятга ҳалолликни уқтиришимиз даркор», дейилади агентлик хабарида.

«Ҳалол» белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, дунёда мусулмон аҳлининг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи дегани) «Ҳалол» белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминламоқда.

Шунингдек, Ҳалол туризм индустрияси жадал суръатларда ривожланаётган соҳа бўлиб, бу бозорнинг йиллик ҳажми 126 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда ва 2020 йилга бориб камида уч баробар ортиши кутилмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги томонидан «Ҳалол» стандартининг қабул қилиниши, тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратади.

Мавзуга оид