Жамият | 23:55 / 09.01.2018
11654
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбекконцерт" 2017 йил бўйича сарҳисоб анжуманини ўтказди

9 январь куни Миллий матбуот марказида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда ташкилот вакиллари, журналистлар билан бир қаторда кўплаб санъаткорлар, жумладан, Ғуломжон Аҳмедов, Илҳом Фармонов, Абдурашид Йўлдошев, Абдуҳошим Исмоилов, Азим Муллахонов, Махмуд Намозов ва бошқалар ҳам иштирок этишди. 

Анжуманда муассаса раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров 2017 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва янги йилда қилинадиган лойиҳалар, режалар ҳақида ҳисобот берди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган Кun.uz мухбири хабар беради.

Маълум бўлишича, 2017 йил якунида "Ўзбекконцерт" 2605 нафар жисмоний шахсларга, 23 нафар ижодий жамоа-юридик шахсларга махсус рухсатнома, лицензиялар расмийлаштирилган. 

Шулардан, 824 нафари хонанда, 29 нафари сўз устаси, 174 бошловчи, 284 созанда, 287 нафар раққоса ва раққослар ва бошқа санъат вакилларини ташкил этади. 

Ўтган йилда концертларни ташкил этиш бўйича эксперт коммиссияси 610та концерт тадбирини ўтказиш учун рухсатнома тақдим этган. 28та мурожаат эса камчиликлар мавжудлиги, сценарийнинг саёзлиги  учун бекор қилинган. 

2017 йил якунида бир қатор эстрада хонандаларининг лицензияси уларнинг аризасига кўра тугатилди ҳамда айримлари  огоҳлантирилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари Шаҳноза Отабоева, Бунёдбек Саидов, Дилмурод Султонов, Шароф Муқимов, хонандалар Хадича Қурбонова, Шерали Бекмуродов, Азиза Ниёзметованинг лицензияси тўхтатилди. Муассаса томонидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева, хонандалар Муниса Ризаева, Шоҳжаҳон Жўраев, Шахриёр Аргонов, "Беном" гуруҳи аъзолари Комил Фозилов, Сарвар Азимовга огоҳлантириш берилди.

 

Мавзуга оид