Ўзбекистон | 15:20 / 13.01.2018
29667
2 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан ташкил этилган ихтисослаштирилган мактаб директори ўзгарди 

Фото: UzDaily

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга янги директор тайинланди.

Вазирлик буйруғига биноан 2018 йилнинг 13 январидан Амирулла Абдуллаев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга директор этиб тайинланди. Бунга қадар мактабни Фаридон Усманов бошқариб келаётганди.

Абдуллаев бакалавр даражасини Гулистон давлат университетида ҳамда магистр даражасини Хиросима университети (Япония)да олган. Турли йилларда у ўқитувчиларни инглиз тили бўйича тайёрлаш бўйича Украина, АҚШ, Германия, Япония, Италия, Жанубий Корея ва Буюк Британияда ишлаган.

2002 йилдан бошлаб у турли олий ўқув юртларида инглиз тили ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатиб, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган. 2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз таълим маркази менежери лавозимида ишлаб келаётган эди. 

Эслатиб ўтамиз, ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Мактаб ўқувчилари давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактабнинг низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.

Мавзуга оид