Жамият | 21:30 / 15.01.2018
13686
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «йўловчи масжидлари» қурилиши бўйича маълумотга расмий изоҳ берилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги пойтахтда «йўловчи масжидлари» қурилиши ҳақидаги хабарни тасдиқламади. Хабар юзасидан берилган расмий баёнотда хабардаги маълумотлар нотўғри талқин қилингани билдирилган.

«Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан маълум муддатларда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи имом-хатибларнинг йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган ички масалалар бўйича белгиланган вазифалар тушунтирилади. Истиқболдаги режалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилади, таклифлар ўрганилади.

Йиғилишда билдирилган Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилиши, пойтахтдаги 11 туманнинг ҳар бирида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши масаласи ўзгача талқин қилинган», дейилган хабарда.

Таъкидланишича, аслида йиғилишда туман бош имом-хатибларига шаҳарда маҳаллий аҳоли талабларидан келиб чиқиб, «Зиёрат туризми»ни ривожлантириш манфаатларини эътиборга олган ҳолда туманлардан янги намунавий масжид (намозхона) қуриш юзасидан иккитадан таклиф берилиши сўралган. Туманлардан берилган жами 22 та таклиф ўрганилиб, улардан иккита намунавий масжид (намозхона) қуриш режалаштирилган.

Бундан аввалроқ «Kun.uz» сайти Тошкент шаҳрида йўл бўйларида йўловчилар учун кичик намозгоҳлар қурилиши ҳақида хабар берганди. Хабарда Тошкентнинг 11 туманида иккитадан шундай намозгоҳлар барпо этилиши, Сергели ва Бектемир туманларида биттадан янги жоме масжиди қурилиши айтилганди.