Ўзбекистон | 00:20 / 23.01.2018
22277
4 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик муҳокамасидан ўтган Давлат дастурида 5та асосий йўналиш белгиланди

Фото: Google Images

22 январь куни Ўзбекистон президенти фармони билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга ошириладиган давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилинди.

Дастур муҳокамаси чоғида фуқаролардан 4 минг 400та таклиф ва шарҳлар қолдирилди.

Дастурнинг энг кўп муҳокама қилинган қисми Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўлди (1,5 мингта ёки жами таклиф ва шарҳларнинг 34 фоиз). 

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида Дастурга 5та банд киритилди, 11та банд қайта ишланди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати келтиришича, дастурда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа муҳим масалалар билан бир қаторда  қуйидаги 5та асосий йўналиш белгиланган: 

– давлат хизмати нуфузи ва самарадорлигини ошириш, ижро ҳокимияти вазифалари ва тузилмасини қайта кўриб чиқиш, вазирлик, идоралар ва ҳокимларнинг мустақиллигини ошириш, давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини тубдан кўтариш;

– қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, Олий Мажлис ҳузурида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш комиссиясини тузиш, миллий хавфсизлик органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, вақтинча ҳибсда сақлаш жойлари ва тергов изоляторлари, жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув тизими билан жиҳозлаш, йўл-патруль ва патруль-пост хизматини мобиль видеокамералар билан жиҳозлаш, стационар пост ва патрул хизматини оптималлаштириш;

– фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технология лар жорий этиш учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шароит яратиш, солиқ ва божхона, банк-молия соҳаларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишни олдини олишга қаратилган ҳимоя механизмларининг ҳуқуқий кафолатини такомиллаштириш, аграр соҳани ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, якка турдаги имтиёзлардан тармоқлар ва соҳавий имтиёзлар бериш орқали воз кечиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш;

– фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг кенг тармоғини яратиш, аҳоли даромадлари ва бандлигини ошириш, «истеъмолчи саватчаси»ни аниқлаштириш, ижтимоий тураржойлар қуришни кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар томонлама манзилли қўллаб қувватлаш;

– Миллий хавфсизликнинг янги концепциясини қабул қилиш, хорижлик ҳамкорлар билан ҳарбий  ва ҳарбий техник ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, давлат чегараларини ҳимоялаш ва қўриқлаш, терроризм, экстремизм ва информацион таҳдидларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, хорижда фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, ўзаро манфаатли ташқи алоқаларни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш.

Шунингдек, Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга 2 йиллик мораторий (тўхтатиш) эълон қилинди.

Дастур доирасида 179та қонун ҳужжатлари қабул қилиниши режалаштирилган.

Мавзуга оид