Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади
Президентга энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастури ва Давлат дастури лойиҳалари тақдимот қилинди. Давлат раҳбари тақдимот қилинган лойиҳалар билан танишди ва дастурларни тегишли фармон билан тасдиқлади.
Президент Шавкат Мирзиёев энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Ислоҳотлар дастури давлат раҳбарининг халқ ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган. Булар маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳамда ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш ҳамда давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтиришдан иборат.
Қайд қилинишича, ушбу дастурларда «ҳужжат ишлаб чиқиш»дан «натижага эришиш» тамойилига ўтилмоқда. Ҳар бир ташаббусни амалга ошириш механизмлари ва йил якунига мўлжалланган ижро натижалари бўйича KPI белгиланган. Дастурлар тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланмоқда.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида эса стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, Давлат дастури лойиҳасига киритилди.
Жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобил хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар қўллаб қувватланди.
Шунингдек, маҳалла маблағлари сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велойўлакларни ташкил этиш, бизнес-инкубаторлар яратиш, саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказлари очиш, дарахт кесиш учун жавобгарликни қатъийлаштириш, энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этиш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш каби таклифлар қизиқарли деб топилган.

Дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган.
Давлат дастури ижроси бўйича Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси доимий мониторинг олиб боради, Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ижрони муҳокама қилади, ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот ҳамда ҳар ой Президентга ахборот киритиб борилади.
Ҳар бир ислоҳотлар дастури учун бириктирилган масъуллар ҳар чоракда ижро ҳолати юзасидан президентга ахборот беради. Бош вазир ислоҳотлар дастурларидаги ташаббусларнинг амалга оширилиши ва молиялаштирилишини мувофиқлаштириб, ижрони қатъий назоратга олиш учун масъул бўлади.
Давлат раҳбари тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди, тегишли фармонни имзолаб, ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади. Барча ислоҳот ва чора-тадбирлар, аввало, одамлар ҳаётида аниқ натижа бериши – янги иш ўринлари кўпайиши, даромадлар ўсиши ва аҳоли розилигида ўз аксини топиши зарурлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
11:45 / 24.02.2026
Ҳар пайшанба — вазирлик ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» бўлади
11:08 / 24.02.2026
«22 миллиондан зиёд ёшлар тимсолида катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз» – президент
08:44 / 24.02.2026
Тошкентда 5 та нимстанция қурилади ва тармоқлар модернизация қилинади
08:22 / 24.02.2026