Ўзбекистон | 23:20 / 25.01.2018
11550
3 дақиқада ўқилади

Энди шошилинч тиббий ёрдам Call-марказларида оддий фуқаролар эмас, шифокорлар ўтиради

Шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматларининг Call-марказларида шу кунга қадар оддий фуқаролар, турли касб эгалари ўтирарди. Президентнинг янги қарорига мувофиқ эса, энди у ерда шифокорлар ўтиради. KUN.UZ мухбири Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимовнинг 25 январдаги брифингда берган маълумотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Шифокорларнинг қўлида бугунга қадар уяли телефонлар қўлланилиб келяпти. Энди эса GPS-мосламалари қўйилади - уяли телефонларнинг ўрнига Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган рациялар ишлатилади. Рациялар жорий қилинганда қўнғироқларни чегарасиз қабул қилиш имконига эга бўлинади. Бунинг натижасида тез тиббий ёрдам кўрсатиш муддати сезиларли даражада қисқаради", - дейди Р.С.Қосимов. 

Давлат маслаҳатчисининг сўзларига кўра, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш муддатни қисқартирувчи яна бир омил -  рацияларда шифокорларнинг ўтириши ва уларнинг энг яқин масофадаги қайси шифохонада муайян бемор учун керакли мутахассис борлигини яхши билиши ва тўғри йўналтира билишида. 

Маълум қилинишича, Call-марказлар 2018 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида, 2019 йилда эса бутун республикани қамраб олади ва йил якуни бўйича барча вилоятларда ҳамда Тошкент шаҳрида бу 103 тез ёрдамига айланади. Бунга қадар алоқа хизмати йўлида мавжуд бўлган тўсиқлар бартараф этилади. 

Бундан ташқари, Р.Қосимов республикадаги барча тиббиёт муассасалари ҳаёт учун хавфли дамларда шошилинч тиббий ёрдам сўраганларга бепул хизмат кўрсатишлари зарур  эканини таъкидлади. 

"Кўп хусусий клиникаларимиз бор, айрим ҳолларда уларни шошилинч ёрдам кўрсатиш учун чақирсак, "пулли хизмат кўрсатамиз" дейишади. Айримлари пайсалга солишади. Ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланади. Қарорнинг тегишли бандида Адлия вазирлигига шу талабнинг ижроси ва масъулиятини ошириш топшириғи берилди", дейди давлат маслаҳатчиси.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид