Чарм курткали ва кўзи кўкарган «хитойлик» Роналду - дунёнинг энг яхши футболчиси
«Реал» ва Португалия терма жамоасининг ҳужумчиси Криштиану Роналду Хитойнинг Dongqiudi портали талқинига кўра, дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Мухлислар орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 32 ёшли футболчи фаолиятида иккинчи марта бу совринни қўлга киритди.
Мадридликлар етакчиси «Леганес»га (1:2) қарши Испания Кубоги баҳсидан сўнг, тақдирлаш маросимига борди.
Роналду тадбирга чарм куртка ва кўкарган кўзи билан ташриф буюрди. Маълумки, «Депортиво»га қарши ўйинда у рақиб билан тўқнашиб кетиб, юзи ёрилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду 2017 йилда Испания чемпионати ва Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди.
Шунингдек, 5-марта «Олтин тўп»ни қўлга киритиб, ФИФА ва Globe Soccer Awards талқинига кўра, дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилди.