ИНТЕРВЬЮ | 23:32 / 26.01.2018
9639
3 дақиқада ўқилади

Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги қонун билан мустаҳкамланади

Фото: KUN.UZ

Ҳозирда Ўзбекистонда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги механизмларини йўлга қўйиш масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. 26 январь куни Халқаро ҳамкорлик марказида шу мавзуга оид йиғилиш бўлиб ўтди. KUN.UZ мухбири ҳуқуқшунослик фанлари доктори, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш марказининг директори Шамиль Асьяновнинг Ўзбекистондаги давлат ва хусусий сектор келажагига доир фикрлари билан қизиқди.

"Ўзбекистондаги давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги келажагини давлат ва хусусий капиталнинг фаол ривожланаётган ҳамкорлик шаклида  кўраман. Аксарият Европа мамлакатлари ва  АҚШда бу ҳамкорлик тури жуда ривожланган. У уй-жой коммунал хўжалиги, йўллар қурилиши ва таъмирлаш соҳаларида, яъни хусусий инвесторларни жалб қилиш қулай бўлган хизматлар талаб қилинувчи, лекин давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарур бўлган соҳаларда жуда қулайдир. Шунда давлат томонидан муайян даромад кафолатланади. Давлат иш сифатини назорат қилади ва табиийки, унинг сифати юқори бўлади. Шундай экан, буни ўзаро манфаатли ҳамкорлик деб айта оламиз", - дейди Асьянов.

Шунингдек эксперт Фуқаролик-ҳуқуқий қонунчилигида кутилаётган ўзгаришларга ҳам тўхталиб, бу борада ҳатто  таклифлар киритаётганини таъкидлади:

"Шубҳасиз, мен бу борада ҳатто таклифлар беряпман. Биринчидан, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига доир Қонун қабул қилинади. У ҳали етарлича ишлаб чиқилмаган, уни бироз кенгайтириш лозим, чунки хусусий сектор ҳамкорлигига доир шартномалар аслида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларидир. Бироқ Фуқаролик кодексида ҳамкорликнинг ушбу шакли етарлича кўриб чиқилмаган. У ерда оммавий шартномалар бор, лекин ўйлашимча, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига алоҳида бир боб ажратиш ва бу ҳамкорлик турининг ўзига хос жиҳатларини қайд этиш лозим".

Шамиль Асьяновнинг сўзларига кўра, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги ривожланиши учун уни шубҳасиз қонун билан мустаҳкамлаш зарур.

"Мураккаблик нимада? Фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларини олсак, унда хусусий шахслар ўртасида ўзаро шартномалар тузилади. Улар қонунга мувофиқ йўл тутишмоқда. Бу ерда эса бир томондан - хусусий сектор, бошқа томондан эса - давлат. Улар - тенг ҳуқуқли ҳамкорлар эмас, бу ерда эса тенг ҳуқуқли асосда ҳамкорлик қилиши керак. Буни, шубҳасиз, қонун билан мустаҳкамлаш зарур", - дея фикрига якун ясайди мутахассис.

Мавзуга оид