Ўзбекистон | 13:40 / 29.01.2018
33683
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Исроилда ўзи билан бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Чироқчи туманида бўлиб ўтган Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилиши вақтида Исроилда ўзи билан юз берган воқеани эслади.

Исроилдаги энг қиммат пахта нави «ГДР 5» ва «ГДР 10» ҳисобланади. У гектарига 90 центнер ҳосил беради. Бу пахта навини экиб, парваришлаб, шунинг ўсишини ўша ерда ташкиллаштирган одам ҳозир миллионер бўлиб кетган.

Исроилда бўлганимда шу одам билан кўришдим. Юра Кинхасов деган одам. Катта залда ўтирибмиз. Мен ундан «Домла, бу пахтанинг сирини айтсангиз, қайси нав билан қайси нав чатишган?», деб сўрадим. У «Бу нарсани мендан сўраманг, пичинг қилгандай бўляпсиз. Бу Бухорода бир пайтлар экилган 108 – Ф нави. Шуни уруғини олиб келиб экиб, ривожлантирганман», деб жавоб берди. Балки беш-олтита уруғни чўнтагига солиб олиб кетиб, у ерга бориб шунинг устида ишлаб, ҳосилни ривожлантиргандир. Лекин ҳозир миллионлаб пул топяпти. 

108 – Ф навини мана оқсоқолларимиз билади, вегетация даври 145 кун эди, лекин полвон пахта эди. Мана ҳозир «ГДР 5» ва «ГДР 10» нави бўлиб танилиб, ўз эгаларига миллионлаб фойда олиб келмоқда. Айтмоқчи бўлганим, биз ўзимиздаги имкониятлардан, салоҳиятдан етарлича фойдалансак, бугунгидек муаммоли вазиятларга тушмаган бўлар эдик», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид