Ўзбекистонлик аёлларнинг ижтимоий кайфияти ўрганилди
Ўзбекистоннинг давлат хизматчисидан то уй бекасигача бўлган аёлларнинг ижтимоий кайфияти ўрганилди. Тадқиқот натижаларига кўра, ўзбекистонлик аёлларнинг аксарияти ўзини бахтли аёл деб ҳис қилади. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотлари шундан далолат бермоқда.
Марказ 2004 йилдан бери юртимиз хотин-қизлари ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиб келмоқда. “Ўзбекистон хотин-қизлари — 2017: ижтимоий мавқе ва кайфият” мавзуидаги мазкур тадқиқотда аёлларнинг жамият ҳамда оиладаги роли, ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ҳуқуқий ҳимояси ва орзу-мақсадлари, мавжуд муаммолар борасида ўз ёндашув ҳамда қарашлари, мулоҳазалари билдирилган.
Унда республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар хотин-қиз қатнашган. Сўралганлар орасида давлат муассасалари, нодавлат ташкилотлари, хорижий фирмаларда ишлаётганлар ҳам, тадбиркор ҳамда фермерлар ҳам, пенсионер, уй бекалари ва талабалар ҳам бор.
Сўров натижалари давлатимиз томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари йўлида амалга оширилаётган сиёсатнинг самарадорлигини яна бир карра исботлади. Жумладан, 88,4 фоиз респондентнинг кўрсатишича, Ўзбекистон хотин-қизлари ҳозирги пайтда давлат ва жамият қурилишида фаол иштирок этмоқда, ўз навбатида, уларнинг ижтимоий ҳаётимизда роли ўсиб бормоқда. Бундай ўсиш суръати, айниқса, сўнгги ўн йилда сезиларли даражада жадаллашди, дейди респондентлар. Қатнашчиларнинг 60 фоизидан ортиғи келгусида давлат ҳамда жамият қурилишида хотин-қизларнинг нуфузи янада ортишига ишонч билдирди.
Оила ва оилавий муносабатлар халқимизнинг азалий қадриятларида алоҳида ўрин тутади, соғлом жамият ҳамда кучли давлат негизи саналади. Оиланинг мустаҳкамлигида, баркамол фарзандларни тарбиялашда аёлнинг роли ғоят бебаҳо. Бу — мутлақ кўпчилик респондентнинг фикридир.
Аёлларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши масаласида эса биринчи галда бола парвариши боис таътилда бўлган оналарга, ишсиз, ногиронлиги бор хотин-қизларга кўмаклашиш айни зарурат эканлиги айтиб ўтилди. Ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аёлларнинг кўпчилиги бундай кўмакни пул нафақаси кўринишида олишни истайди. Ҳар ўнинчи респондент уй-жой сотиб олишда ёрдам сўрайди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда, Жиззах вилоятида тадбиркорлик соҳасида банд бўлган хотин-қизларнинг 40 фоизи имтиёзли кредит олишда, Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятидаги аёллар кўпроқ уй-жой шароитларини яхшилаш ёки муқим бошпана харид қилишда муаммоларга дуч келаётгани маълум бўлди. Иштирокчилар орасидаги 60 ҳамда ундан катта ёшли ҳар учинчи, шунингдек, асосан, Бухоро вилоятидаги аёллар ўзларига сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига муҳтожлигини баён этишди.
Ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг 83,9 фоизи маҳалла фуқаролар йиғинига, 14,5 фоизи эса турли даражадаги ҳокимликларга мурожаат қилган. Аммо мурожаати тўла қаноатлантирилганини айтган респондентлар, бор-йўғи, 23,1 фоизни ташкил этди. Сўровнинг ҳар бешинчи қатнашчиси мурожаатига тегишли идорадан ҳеч қандай жавоб ололмаган, ҳар ўнинчи респондентга эса ёрдам кўрсатиш рад қилинган.
Шу билан бир қаторда, аёлларимизда ҳуқуқий ҳимояланганига ишонч ҳисси ҳам ортиб бормоқда. Буни респондентларнинг 81,1 фоизи тасдиқлади. Агар қонуний ҳуқуқлари бузилгудек бўлса, улар давлат, жамоатчилик ва фуқаролик институтлари ёрдамига таянишган. Қолаверса, Президентнинг Халқ қабулхоналари аҳоли, хусусан, кўплаб аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилмоқда.
Тадқиқот натижалари хотин-қизларнинг муносиб ҳамда замонавий таълим олишга барқарор ижобий муносабатини кўрсатди. 74,3 фоиз респондентнинг фикрича, бугунги кун аёли учун олий маълумот жуда муҳим.
Иш билан бандлик, доимий даромад манбаига эга бўлишга интилаётган аёлларимиз сонида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилаяпти. Кўпчилик (79 фоиз) хотин-қизлар ўз салоҳиятига ва лаёқатига мос меҳнат фаолияти билан банд бўлишни афзал билади. Таҳлиллардан аён бўлишича, аёлларнинг бандлик кўрсаткичи маълумот даражасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Хусусан, сўралган олий маълумотли хотин-қизларнинг 68,7 фоизи, ўрта ҳамда ўрта махсус маълумотга эга бўлганларнинг 30 фоиздан кам қисми ҳақ тўланадиган иш жойига эга.
Аввалги йилларда ўтказилган сўров натижаларига таққослаганда, вақтинча ишламаётган ва иш излаётган аёллар сони кўпайгани диққатни тортади. Бу сафар 18-19 ёшдаги ҳар учинчи респондент, 20 — 29 ёшдагиларнинг 27,7 фоизи ишсиз эканини айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, аёлларимизда хусусий бизнесга қизиқиш ошиб бормоқда. Сўралганларнинг 20,2 фоизи тадбиркор сифатида фаолият юритади, 24,2 фоиз хотин-қиз ўз бизнесини йўлга қўйишни астойдил хоҳлайди.
Мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатида уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш долзарб йўналишлардан саналади. Қизиғи, кўпроқ 30 ёшгача бўлганлар ўртасида ижтимоий тузилма ва сиёсий ташкилотлар ишида иштирок этиш истаги юқори экани аниқланди. Кекса ёшдаги аёллар эса бу йўналишга у қадар хайрихоҳлик билдирмади. Ўз навбатида, респондентларнинг 70,2 фоизи юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш учун шарт-шароитлар етарли, деган хулосани беришган. Тадқиқотда қатнашганларнинг ҳар иккинчиси аёлларнинг ҳозирги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ўртача, деб баҳолади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, давлат ҳамда жамият бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришга қаратилган стратегия опа-сингилларимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Маҳаллий ҳокимият органларида, шунингдек, вакиллик ва ижроия ҳокимияти бўғинларида ишлаётган аёлларнинг сонини кўпайтириш чора-тадбирлари улар наздида айни муддао бўлмоқда.
Ижтимоий сўров хотин-қизларни ташвишга солаётган муаммоларга улар нуқтаи назарини ўрганиш имконини ҳам берди. Оиладаги зўравонлик, бу — ҳамма давлатда, ҳар қандай жамиятда аёл дуч келиши мумкин бўлган нохуш ҳолат. Шу мавзуда сўз борганда, кўпчилик сўров иштирокчилари оиладаги зўравонликка маънавий-ахлоқий муҳитни оғирлаштирувчи жиддий омил сифатида қарашини билдирди. Қарийб ҳар иккинчи респондент эр ёки унинг қариндошлари томонидан аёлга қилинадиган тазйиқларга ҳамон ички оилавий муаммо сифатида ёндашилаётганига эътирозини яширмади. Хотин-қизларга қарши зўравонликларнинг ҳар қандай шаклига нисбатан жамиятда муросасиз муносабатни шакллантириш чоралари нафақат ҳуқуқни муҳофаза этиш органларининг, балки бутун жамиятнинг вазифасига айланиши керак, деган фикр илгари сурилди.
Тадқиқот жараёнида “Сиз ҳозирги пайтда ўз ҳаётингиздан қай даражада қониқасиз?” деган саволга жавобан 88,1 фоиз аёл турмушидан мамнунлигини айтди. Сўралган ҳар икки аёлнинг бирида ижтимоий кўтаринкилик юқори даражада экани яққол кўринди.
Умуман, таҳлиллар шундан далолат берадики, Ўзбекистон аёллари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқеи мустаҳкамланаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат опа-сингилларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратмоқда.
Мавзуга оид
10:26 / 03.07.2024
Ўзбекистонда 6 ойда қанча оила яраштирилгани маълум қилинди
16:50 / 24.06.2024
Сенат раиси “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари билан учрашди
10:42 / 02.06.2024
Хотин-қизларни энг кўп ишга олган 10 та корхона маълум қилинди
20:21 / 23.05.2024