20:18 / 30.01.2018
50450

Сирдарё ҳокими билан суҳбат: Сайхунобод, электр энергиясидаги муаммолар, «Наташа» ва «Маша»лар ҳамда нафсни тийиш

KUN.UZ таҳририяти журналистлари Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев билан очиқ мулоқот ўтказди, аҳоли мурожаатлари билан ишлади. Ҳоким билан суҳбатда электр энергияси таъминотидаги узилишлар, йўллар ҳолати, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ таъминоти, коррупция муаммоси ва бошқа мавзулар юзасидан мулоқот қилинди.

 Сайхунобод ҳокими масаласи 

«Тўғри, ўзим ҳам қаттиққўлман, талабчанман. Лекин ҳеч қачон бировнинг шахсиятига тегадиган гап гапирмайман. Чунки президентимиз суҳбат давомида менга кўп нарсаларни айтган. Ҳеч қачон инсонларни ҳақоратлаб, шахсий манфаатига зарар етказадиган гаплар билан хўрламаслик керак. Мен ҳар бир йиғилишимда бу бўйича алоҳида гапираман. Бизда маърифат, маънавият биринчи даражада. Қаттиққўллик дегани – бу одамни уриш, ҳақорат қилиш дегани эмас. Бундан йироқ бўлиши керак одам. Таъсирчан гаплар кўп, лекин унинг биринчи қилган хатоси – кўпчиликни, ҳаммасини тўплаб, бир-бирини ҳақорат қилса, ёнида турган иккинчи кишига барибир тегиб кетади.

Мен бу гаплар чиққан куниёқ ўша ерга етиб борганман. Бориб, ҳаммани йиғиб: «Нотўғри иш қилгансиз, бутун халқдан кечирим сўрайсиз», деганман. Кечирим сўраган ўша ерда. Ўшанда пахта пайти эди, шунинг учун одамларга таъсир қилмаслиги учун ишдан олинмади. Лекин бу борадаги тегишли жараёнлар давом эттирилди, прокуратура ҳам ўз текширувини олиб борди. Энди у ерга тажрибали, ўзини босиб олган, ҳамма томонлама шошилмайдиган одамни ҳоким қилдик». 

Электр энергияси муаммоси

«Газ бўлмаганидан кейин электр энергиясини икки баробар ҳажмда истеъмол қилиш бошланади. Агарда биз газ, кўмир билан таъминлай олмасак, унда ҳамма юклама электр энергиясига тушади. Қайси туманга борсам, биринчи бўлиб ўтган йили қанча ўчгани билан қизиқаман. Бу бўйича муаммоларимиз бор. Президентимиз бизга жуда катта имконият яратиб беряпти. Агарда шу иш амалга ошса, Сирдарёда муаммо бўлмайди. Ширинда республиканинг 25 фоизини таъминлайдиган электрстанция бор. Ҳозирда россияликлар билан биргаликда унинг реконструкция ишлари кетмоқда, айни дамда 2 таси таъмирланмоқда. Шунда ҳам сифат яхшиланади, ҳам узилишлар камаяди. Иккинчиси, Сардоба сув омборида Хитой технологияси асосида кичик гидроэлектрстанция ҳам қурилади. Ҳозир лекин муаммолар бор, узилишлар бўляпти. Кўп уланганидан кейин юклама кучаймоқда, трансформаторларга оғирлик тушяпти. Бу бўйича ҳам ишлаяпмиз».

Йўллар қачон тартибга келтирилади?

«Вилоятда 3813 километр ички автомобиль йўллари мавжуд. Вилоят автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш бўйича битта кичик ташкилот бўлган. Келганимиздан кейин бу ташкилотни тубдан такомиллаштириш, алоҳида ривожлантириш, модернизация қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилдик. Суткасига 50 тоннага яқин асфальт ишлаб чиқарадиган кичик завод бор эди, ҳозир янги завод олиб келдик. 2017 йилда йўлнинг қурилишига 2016 йилга қараганда икки ярим баробар кўпроқ маблағ ажратилди. Бироқ  бугунги кунда ички хўжалик йўлларининг 3160 километр қисми ёки 83 фоизи таъмирталаб аҳволда. 2018 йилда 136 километр йўлни таъмирлаш белгиланган. Йўллар ландшафтини ҳам тартибга келтирмоқдамиз, биринчи қаторига арча, сўнг қайрағоч, учинчисига акация каби ўзимизнинг дарахтларни экиб, олти қаторли кўринишга келтирилади. Бу Чиноздан бошланиб, то Даштободгача қилинади».

Газ ва ичимлик суви

«Табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи бўйича кузда алоҳида дастур асосида ишладик. Бизда нафақат 100 фоиз аҳоли, балки халқ таълими соҳаси ҳам, бошқа соҳалар ҳам қаттиқ ёқилғида иситилади. Бир йилда ҳаммасини қила олмадик, лекин ишларни фаоллаштирамиз. Бизда газдан кўп жойларда ноқонуний равишда фойдаланишган. 6,5 – 7 миллиард сўмлик қарзга эгалар ҳам бор. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик яхши кўрилди, лекин баъзи муаммолар учраб турибди. Бундан ташқари, газнинг ҳамма қувурлари ернинг тагидан олиб ўтилган, бу ҳам Сирдарё шароитига тўғри келмас экан. Тоза ичимлик суви бўйича ҳам ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Сабаби, биринчидан, ҳамма жойда ҳам сувларимиз сифат жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Иккинчидан, сув бўйича чўл туманларимизда энг оғир вазият. Сув таъминотини яна 20 фоизга яхшилаймиз».

«Нафсни тийиш оиладан бошланса, у жамиятда коррупция бўлмайди»

«Коррупция ҳар қандай мамлакатда бор. Буни тугатиш учун, биринчи навбатда, ҳалоллик, поклик керак. Раҳбарни чиритадиган, унга ишончсизлик пайдо қиладиган нарса – порахўрлик. Коррупцияни юз фоизга йўқотишга ҳаракат қилаверамиз, лекин буни ҳақиқатан ҳам йўқотиш учун шаффофлик бўлиши керак. Ҳар бир раҳбар ҳеч нарсани яширмаслиги лозим. Биринчи навбатда, ўзимиздан бошлашимиз зарур. Мен ҳаётимда исботлаганман – ойликка яшаса бўлади! Ҳамма жойда ҳам қийинчилик бор, лекин енгиб ўтишни билиш керак. Оилани ҳам шунга кўниктириш, тийиб туриш керак. Нафсни тийиш деган нарсани оилада ҳам ўргатиш керак. Масалан, менинг ўзим шу ердаги оддий ошхонада овқатланаман, лекин ҳар ойда пулини тўлайман. Далага чиққанда эса, ҳар доим ҳам овқат термосим, ҳам қўл термосим ёнимда. Мен бир йилдан ортиқ ишлаяпман, шу пайтгача бирор туманда овқат емаганман. Коррупцияни йўқотиш учун раҳбарнинг ўзи намуна бўлиши керак. Ўзингиз тозамисиз, атрофингиз, ўринбосарлар ҳам шунга қараб кетади».

Ажримлар, «Наташа», «Маша»лар…

«Ажрим эртага жиноятга ҳам олиб келиши мумкин. Сабаби аёл икки бола билан қолиб кетяпти, эри ажрашиб “Наташа”, “Маша”лар билан кетиб қолмоқда. Аёлнинг ўзи қоляпти, ўз жонига қасд қилишлар ҳам шундан келиб чиқмоқда, бола тарбияси эътибордан четда қолмоқда. Бунинг тагида жуда катта нарса ётибди, энг оғриқли нуқталаримиздан биттаси... Бу маҳалладаги вазиятга ҳам таъсир кўрсатади. Бироқ маҳаллада фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлайдиган фаолларнинг иши яқин 8 ойда ўзини кўрсатиши керак. Фоҳишахоналар бўйича ишларни кучайтирмоқдамиз. Менга келиб тушган ҳужжатларни кўриб, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутасаддиларни чақириб сўрайман: «Нима учун икки болали аёл ўша ерда юрибди?». Бу борадаги ишларга барҳам бериш бўйича янада фаоллашишимиз лозим».

YouTube

Tas-IX

Top