Ўзбекистон | 19:40 / 01.02.2018
7812
3 дақиқада ўқилади

2018 йилда тиббиёт иншоотларини қуриш учун 803 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2017 йил инвестиция дастури доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 181 та  даволаш-профилактика муассасаларида 552,6 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилда бу соҳадаги ишларни янада кенгайтириш, хусусан, вазирлик тизимидаги 310 та  тиббиёт иншоотларида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш учун 803,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди.

Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан биридир. 

2017 йил 12 декабрь куни Президент раислигида тиббиёт соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишда ушбу  масала ҳам кўтарилган эди.  Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимида ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимлари хусусида тўхталган эди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вазифаларни ҳал этиш мақсадида  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқди. 

Ўрганиш натижасида вакант ўринлар аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий  йил январ ойида тиббиёт олий таълим муассасаларининг 7-босқич бакалавриат битирувчилари якуний давлат аттестациясидан ўтказилди ва  улардан  1811 нафари умумамалиёт шифокори сифатида ишга йўлланма олди. Бунинг натижасида  Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида умумий амалиёт шифокорига бўлган вакансиялар тўлиқ қопланди.

Бундан ташқари, 926 нафар 2-босқич  клиник ординатура битирувчиларидан 907 нафарини  тор соҳа мутахассиси сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига тор доирадаги мутахассисларга бўлган вакансиялар яна қисқаради. Шунингдек, бу йил тиббиёт олий ўқув юртларида  бакалавриатура йўналишида таълим олаётган 6-босқич талабалар ҳам ўқишни якунлаб ишга йўл олади. 

Яна бир янгилик – жорий йилдан бошлаб  пенсия ёшидаги шифокорлар меҳнат фаолиятини давом эттирган тақдирда уларга  ойлик маош ва пенсия тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди. 

Ўтказилаётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 82 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид