19:03 / 02.02.2018
23560

Қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун намунавий шартнома янгиланди

Фото: Getty Images

ИИВ, Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасининг қарори (рўйхат рақами 2966, 2018 йил 29 январь)  билан Қўриқлаш хизмати кўрсатиш бўйича намунавий шартнома тасдиқланди.

Илгари амалда бўлган қўриқлаш хизмати кўрсатиш бўйича намунавий шартнома шакли (рўйхат рақами 2573, 2014 йил 8 апрель) ўз кучини йўқотди.

Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 23.06.2017 йилдаги 421-сон «Ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 1.02.2014 йилдан бошлаб нодавлат ташкилотлар ва жисмоний шахсларга қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш  ва бошқа юридик ҳамда жисмоний шахслар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланган. 

Ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати томонидан қўриқлаш хизмати кўрсатилади. Унинг тизимига кирувчи бўлинмалар давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, жисмоний ва юридик шахслар мулкини шартнома асосида қўриқлашни амалга оширади. Қўриқлаш хизматининг тарифлари (қиймати) ИИВ томонидан шакллантирилади ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Қўриқлаш хизматини кўрсатиш қўриқлаш хизматининг бевосита саф бўлинмалари, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва қоровуллик бўлинмалари нарядлари томонидан ҳамда техник қўриқлаш воситалари билан амалга оширилади.

Ҳужжат 29.01.2018 йилдан кучга кирди. 

Top