Спорт | 12:50 / 06.02.2018
15153
2 дақиқада ўқилади

Футболда ММА услуби. Лаллана ёш рақибини жазолади

Англия терма жамоаси аъзоси Адам Лаллана «Ливерпуль» ёшлар жамоаси таркибида «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда иштирок этди. Сафар учрашувида мерсисайдликлар жамоаси  кичик ҳисобда мағлубиятга учради. Ўйиннинг 63-дақиқасида эса ўйин натижасидан кўра эътиборлироқ воқеа содир бўлди. Адам ҳавода тўп учун курашда Жорж Марш билан тўқнашди, аввалига Марш унинг бошига бехосдан уриб юборди ва ўйинни давом эттирди. Аммо зарбадан жаҳли чиққан Адам ортдан келиб, уни бўға бошлади. Маршни майдондаги бошқа футболчилар зўравон қўлидан қутқариб қолишди, ҳакам унга қизил карточка кўрсатиб майдондан ҳайдади, Дэнни Ингс жамоадошини юпатди.

Лаллананинг дисквалификацияси фақат ёшлар биринчилигига тааллуқли бўлади, у 11 февраль куни асосий жамоа сафида «Саутҳемптон»га қарши ўйинда иштирок этиши мумкин.

Лаллана ёзги йиғинлар вақтида белидан жароҳат олгач, асосий таркибдаги ўрнини йўқотганди. 2017 йил ноябрида у сафга қайтди, аммо икки ўйин ўтказганидан кейин яна жароҳатланди.

Адам Лаллана айни вақтда жароҳатидан тикланиш жараёнида. «Ливерпуль» мураббийлари уни формасини тиклаб олиши учун захира жамоа таркибига қўшган. Лаллана соғлигидаги муаммолар туфайли жорий мавсумда жамоасининг АПЛдаги атиги 7 ўйинида қатнашди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид