Ўзбекистон | 21:00 / 07.02.2018
21295
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Ўзбекистонга таклиф қилди

Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги самарали ташриф кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ўзбек-турк ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанлиги мамнуният билан қайд этилди.

Ушбу тарихий ташриф якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, банк-молия, транспорт, туризм ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Мазкур келишувларни ҳаётга тўлиқ ва муддатида татбиқ этиш, муҳим лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида мунтазам равишда мулоқотлар олиб борилиши ва учрашувлар ўтказилиши юзасидан келишиб олинди.

Шу ўринда Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юқори баҳолаб, давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлигини билдирди.

Ўзбекистон Президенти мазкур қарор олий даражадаги учрашувлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси эканини алоҳида қайд этди. Бундай қарорнинг қабул қилиниши савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши ва энг асосийси, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, турк фуқароларининг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун кенг йўл очиб бериши таъкидланди.

Суҳбат давомида халқаро ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга Туркия Республикаси делегациясини таклиф этди.

Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўған ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди.

Мулоқот сўнгида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқлашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни давлат ташрифи билан мамлакатимизга таклиф этди.

Мавзуга оид