Ўзбекистон | 20:51 / 15.02.2018
10293
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев “Дженерал Электрик” вице-президентини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 февралда Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган АҚШнинг “Дженерал Электрик” компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди.

“Дженерал Электрик” жаҳоннинг етакчи кўп профилли корпорацияларидан бири ҳисобланади. Унинг фаолияти энергетика, машинасозлик, асбобсозлик, электротехника, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, замонавий тиббий технологиялар, молиявий сектор ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган.

Компания дунёнинг 180 дан кўпроқ давлатида фаолият олиб боради. Унинг корхоналарида 300 мингдан кўпроқ одам ишлайди. Ўтган йил натижаларига кўра компаниянинг даромадлари 120 млрд доллардан ошган.

Учшарув давомида компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти жадаллашгани мамнуният билан таъкидлаб ўтилган.

Айни вақтда Ўзбекистонда энергетика инфратузилмаси объектларини модернизациялаш бўйича бир қатор лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда.  

Учрашувда Шавкат Мирзиёев энергетика секторида ўзаро манфаатли технологик шерикликни янада ошириш ҳамда саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, етакчи хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда юқори малакали миллий кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рональд Жеймс Поллетт Шавкат Мирзиёевга илиқ қабул ва юқори технологик тармоқларда икки томонлама ҳамкорликнинг лойиҳалари ва дастурларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.   

Поллетт “Дженерал Электрик”нинг Ўзбекистон корхоналари ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва катта кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.   

Мавзуга оид