БАА 2020 йилда Марсга илк миссиясини жўнатмоқчи
Бирлашган Араб Амирликлари нефтдан тушадиган пулларнинг бир қисмидан ўзининг коинот дастурини молиялаштириш учун фойдаланмоқда. 2020 йилгача мамлакат Марсга илк миссиясини жўнатмоқчи, 99 йилдан кейин эса у ерда мустамлакага эга бўлмоқчи, деб хабар бермоқда CNN.
Айни вақтда мамлакат ўз коинот дастурига 5,4 млрд доллар инвестиция ажратди. Амирликлар ҳукуматининг тушунтиришича, бу ҳозирча тўлиқ нефтга боғлиқ бўлган иқтисодиётни диверсификация қилишнинг йўлларидан биридир. “Биз ўз коинот миссияларимизни ташкиллаштиришни ва ўз сунъий йўлдошларимизни учиришни истамоқдамиз”, деб айтган Дубайдаги коинот маркази вакили Салом Хумаид.
Мамлакатда коинот билан боғлиқ улкан режалар мавжуд бўлиб, уларнинг “чўққиси” Қизил сайёрани забт этиш ҳисобланади. Бироқ яқин келажак учун энг катта вазифа маҳаллий мутахассислар томондан лойиҳаланиб, йиғилган илк сунъий йўлдошни учиришдан иборат. Бу қурилма жорий йилда япониялик ҳамкорлар ёрдамида орбитага учирилиши режалаштирилган. Мамлакат бунгача сунъий йўлдошлар учирган, бироқ бу қурилмалар хорижий ҳамкорлар ёрдамида қурилган.
Сунъий йўлдош учирилгандан кейин амирликлар Марс дастурининг фаол босқичига ўтади. Режаларга кўра, “Ал-Амал” зонди 2020 йилда учирилиб, Марс орбитасига 2021 йилда – БАА мустақиллигининг 50 йиллигида етиб боради. Шу тариқа БАА Марсни тадқиқ қилиш соҳасида ишловчи 9 та давлатдан бирига айланади.
Зонд тадқиқот миссиясини бажаради: Марс атмосфераси ва сиртини ўрганади.
Зонд БААнинг Марсни забт этишдаги илк қадамидир. Мамлакатнинг энг асосий ва журъатли лойиҳаси 99 йилдан кейин амалга оширилиши керак. 2017 йилда мамлакат раҳбарияти 2117 йилда Марсда араб қишлоғи пайдо бўлишига ваъда берган. Бироқ аввал бунинг учун Марс шароитларини такрорловчи катта шаҳар қурилади. Майдони 176 квадрат километр келадиган шаҳарда озиқ-овқат, энергия, сув ишлаб чиқарувчи лабораториялар, ўсимликларни етиштириш учун иссиқхоналар бўлади. Шунингдек, яқин 10-15 йил ичида БААдан илк 4 фазогир пайдо бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
10:56 / 07.11.2024
Помидордан қулупнайгача. Марсда яшай оладиган 8 та ўсимлик маълум қилинди
15:31 / 26.10.2024