Дубайда дунёдаги энг ингичка осмонўпар бино қурилмоқда
Бинода 131 та хонадон жойлашади. Уларнинг бошланғич нархи маълум қилинди.
Дубай ўзининг меъморий мўъжизалари билан одамларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Шаҳарда Ер юзидаги энг ингичка осмонўпар бино — Muraba Veil барпо этилади. У шаҳар қурилиши соҳасидаги ютуқлари учун Pritsker мукофотига сазовор бўлган Испаниянинг RCR Arquitecte студияси билан ҳамкорликда қурилади.
Muraba Veil осмонўпар биносининг қалинлиги бор-йўғи 22,5 метрни ташкил этади. Бинонинг баландлиги 380 метрга етади. 73 қаватли баланд иншоотда 131 та хонадон жойлашади. Ҳар бир квартиранинг кенглиги осмонўпар бинонинг ўзи билан бир хил бўлади. Уй эгалари тўрт томондан панорамали манзарани томоша қила олади.
Muraba Veil ичида квартиралардан ташқари спа-марказ, ресторан, конференс-зал, кинотеатр, умумий лоджия ва ҳатто теннис корти ҳам жойлашади. Осмонўпар бино пойдеворидаги бўш жойни чўл услубида безатиш режалаштирилган. Бу ерда яшовчилар тоза ҳаводан нафас олиши ва сайр қилиши мумкин.
Энг ингичка осмонўпар бино зангламайдиган пўлатдан ясалган тўр билан ўралади — у худди нозик пардага ўхшайди. Бино дизайнерлари ички ҳовли атрофида жойлашган анъанавий араб уйлари тузилишидан илҳомланган.
“Бу фақатгина чиройли турар жой эмас. Биз БАА меросини акс эттирувчи меъморий санъат асарини яратмоқчимиз”, — деди лойиҳа бошқарувчи директори Иброҳим Ал Гураир.
Muraba Veil Дубай канали бўйида, Шайх Зайд кўчасида қурилади. Агар барчаси режадагидек кетса, лойиҳа 2028 йилда фойдаланишга топширилади. Ноодатий осмонўпар бинодаги квартираларнинг нархи 18 миллион дирҳамдан (4,9 миллион доллар) бошланади.
Мавзуга оид
23:39 / 02.12.2024
ТИВда Ўзбекистон фуқаролари БАА ҳудудига киришда муаммога дуч келаётгани муҳокама қилинди
22:33 / 02.12.2024
“Жиддий асослар талаб қилиниши керак” — фаоллар БААга киритилмаган ўзбеклар воқеаси ҳақида
15:05 / 02.12.2024
31 ўзбекистонлик БААга киритилмади. Улар ортга қайтарилмоқда
01:21 / 01.12.2024