Ёруғликнинг янги шакли олинди
Америкалик физиклар ёруғликнинг янги шаклини олишга муваффақ бўлдилар. Уларга бунинг учун фотонларни секинлаштириб, бир-бирлари билан ўзаро таъсирлашишга мажбур қилишга тўғри келди, деб хабар бермоқда Science Daily.
Оддий ёруғлик нурларида фотонлар деярли бир-бирлари билан таъсирлашмайдилар. Бироқ АҚШнинг Массачусетс университети физиклари фотонларни ўзаро таъсирлаштира олдилар. Бунинг учун улар лазер нурини рубидийнинг совуқ атомлари булути орасидан ўтказдилар. Рубидий атомлари фотонларга бирлашишга, янги хусусиятларга эга бўлишга ва ёруғликнинг янги кўринишига айланишга ёрдам берди.
Ёруғлик зарралари – фотонлар бир-бирлари билан иккитадан (димер) ва учтадан (тример) бўлиб бирлашди.
Шундан кейин олинган зарралар оқими ёруғликнинг нормал нурига нисбатан 100 марта секинлашди. Нормал нурда фотонлар сониясига 300 минг км тезлик билан ҳаракатланади.
Олимлар ихтироларининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирар эканлар, тримерли ёруғлик оқими ёрдамида квант қурилмаларида ахборот узатиш самарадорлигини ошириш ҳамда гравитацион тўлқинларни қайд қилишда шовқинни пасайтириш мумкинлигини таъкидлаб ўтдилар.