Фан-техника | 15:03 / 19.02.2018
17286
5 дақиқада ўқилади

Фильмларни сонияларда юклаб олиш, ҳайдовчисиз машина бошқариш: 5G тармоғи ўзи нима учун керак?

Янги авлоддаги 5G мобил тармоғи Пёнгчангда ўтаётган қишки Олимпиадада дебют қилди: ундан нафақат бобслейчиларнинг чаналарига ўрнатилган камералардан трансляция қилиш, айтайлик, ёввойи қобонларни ҳайдаб юборишда ҳам фойдаланса бўлади, деб ёзади Meduza. Қишки олимпия ўйинлари тугагач, 5G тармоғи йиғиштириб олинади; технологиядан икки йилдан сўнг кенг фойдалана бошлашади...

5G нима ўзи?

5G — мобил алоқанинг бешинчи тармоғи, 4G тармоғининг ривожлантирилган версияси. Янги тармоқда ахборот 4G’дагига нисбатан 100 баробар тезроқ узатилади — назарий жиҳатдан, тезлик сониясига ўнлаб гигабайт даражасига етади. 5G’нинг бошқа бир фарқли муҳим жиҳатлари: кутиш учун вақтнинг ўта қисқалиги (яъни, ахборот узатиш учун сарфланадиган вақтнинг ўта қисқалиги, бу ерда ҳисоблаш миллисонияларда ўлчанади) ва қурилмалар ўртасида маълумотларни тўғридан-тўғри узатиш имкониятларидир.

Бундан қандай фойдаланиш керак?

Очиқ-равшан кўриб тургани — телефон ёки компьютерга ахборотни тезроқ юклаб олиш имконияти пайдо бўлишидир. Масалан, HD сифатидаги 8 гигабайт ҳажмли фильм 5G тармоғи орқали олти сонияда юкланади, 4G да эса бунинг учун бир неча дақиқа кетади.

Пёнгчангдаги олимпиадада бобслейчиларнинг чанасига 5G камералар ўрнатилди ва бобслейчилар трассани кўрадиган ракурсдан тасвирлар тўғридан-тўғри эфирга узатилиб турилди. Камералардан келаётган видео телепродюсерлар пультига келиб тушади, улар зарур вақтда уни трансляцияга улашади.

Кенпо муз саройи периметри бўйлаб Intel компанияси 5G тармоғига уланган 100 га яқин камера ўрнатган. Уларнинг шарофати билан томошабинлар нафақат фигурачиларнинг учишларини томоша қилишлари, исталган вақтда бир камерадан иккинчисига уланиб, кўриш бурчагини ўзгартириши ҳам мумкин.

Пёнгчангдаги муз саройи модели
Фото: Jean Chung / Bloomberg

 

Лекин бешинчи авлод тармоқлари очиб берадиган имкониятлар аслида фильмларни тезда юклаб олиш ва видеони жонли эфирда томоша қилишдан ҳам кенгроқ. 5G пилотсиз бошқарилувчи автомобилларга йўлдаги вазиятдан оний лаҳзада хабардор бўлиб туриш имкониятини беради — бирор кор-ҳол рўй бергудек бўлса йўлдаги сенсорлар яқин атрофдаги машиналарга дарҳол хабар узатади, машиналар тўхташи ёки йўналишини ўзгартириши мумкин.

5Gда ҳеч қачон кутишга ҳожат қолмайди, бунинг шарофати ўлароқ, масофадаги қурилмага буйруқ жўнатиб, ундан жавоб олиш орасида фарқ сезилмайди, бу эса айрим ишларни масофадан туриб бошқариш имкониятини беради. 2015 йилда MWC конференциясида журналистларга виртуал реаллик кўзойнагини тақиб, бир неча минг километр нарида турган эксковатор билан ер кавлашни таклиф қилишган эди.

5G нафақат масофадан туриб бирор ерни қазиш, жарроҳлик операциялари ўтказиш имконини беради: жарроҳлар ёрдамида бемордан узоқда туриб ҳам роботлаштирилган қўлни бошқаришлари мумкин. Сенсорли ва вибромоторли қўлқоплар ёрдамида врачлар жавоб алоқасини олиб туришади.

Ниҳоят, 5Gнинг пайдо бўлиши «буюмлар интернети» равнақига хизмат қилади: «ақлли» қурилмалар, улар хоҳ алоҳида бир сенсорлар, хоҳ бутун бир музлатгич бўлсин, серверларни зўриқтирмасдан катта ҳажмдаги ахборотларни узатиши ёки қабул қилиши мумкин.

Ёввойи қобонлар-чи?

5G тармоғи Олимпиада ўтказилаётган жойга нафақат тармоқ имкониятларини намойиш этиш учун, шунингдек, туристлар ва маҳаллий аҳолини қобонлардан ҳимоялаш учун ҳам ўрнатиб чиқилди. Ён-атрофда яшовчи бу ёввойи ҳайвонлар экинларни пайҳон қилишади, аҳоли пунктларигача кириб келишади.

Қобонлардан ҳимоя қилиш тизими махсус газ ҳамда йўлбарснинг овозини янгратувчи карнайлардан иборат радардан иборат. Фермер ўз телефонидан туриб тизимнинг ҳолатини кузатиши, камералардан узатилаётган тасвирларни кўриши мумкин. 4Gга асосланган эски тизим ўз вазифасини у қадар уддалай олмасди: у қобонларни инсон ва буғулардан ажрата олмас экан.

5Gни қачон кутиш керак?

Уяли алоқалар стандартларининг янги авлодлари ўртача ҳар ўн йилда пайдо бўлгани ҳисобга олинса, ёппасига ўрнатилган тармоқни 2020 йилдан илгари кутиш ярамайди. 1G (NMT) 1981 йилда, 2G (GSM) 1992 йилда, 3G (W-CDMA/FOMA) 2001 йилда, 4G (3GPP Long Term Evolution, WiMAX) 2010 йилда жорий этилган.

Лекин шуниси аниқки, 2018 йилда Россияда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати чоғида ҳам 5G тизими синовдан ўтказилади.

Дарвоқе, 2017 йилнинг 28 ноябрида Ўзбекистоннинг «Uzmobile» мобил оператори Хитойнинг ZTE компанияси билан ҳамкорликда Телекоммуникациялар ва персонални ривожлантириш маркази лабораторияси базасида Тошкентда 5G тармоғининг лаборатория синовларини ўтказган.

Мавзуга оид