Ўзбекистон | 17:09 / 19.02.2018
14410
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой янги транспорт йўли фойдаланишга шай

Фото: Ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (ЎзАДТА) вакиллари «Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештом-Қашғар» янги транспорт коридори бўйлаб экспорт юкининг биринчи колоннасини юборишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати тарқатган маълумотга таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар беради.​

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар экспортчиларининг маҳсулотлари юкни қабул қилувчиларгача «Silk Road International​» МЧЖ автотранспорт воситалари ёрдамида етказилади. Охирги манзил, Қашғар шаҳрига етиб келгандан сўнг, колонна орқага импорт маҳсулотларини юклаган ҳолда йўлга чиқади. Расмий хабарга кўра, мазкур коридордан фойдаланиш имконияти 25 февралдан бошлаб пайдо бўлади. 

«Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши автоташувчиларга уч давлат ҳудудида тўсиқларсиз мунтазам равишда юк ташиш имконини беради, — деди кириш сўзида Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров. — Бу ўзаро маҳсулот алмашиш ҳажмига ижобий таъсир кўрсатади ва Ўзбекистон, ХХР ва Қирғизистоннинг мавжуд транзит салоҳиятини бутунлай ишга солишга йўл беради».

Фото: Ташқи савдо вазирлиги

«Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» янги автомобиль коридорини йўлга қўйиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи давомида илгари сурилган, ташриф давомида икки давлат ўртасида Халқаро автомобиль хабардорлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро Келишув имзоланганди.

Шунингдек, 5 февраль куни «Тошкент - Андижон - Ўш - Иркештом - Қашғар» янги транспорт коридори бўйлаб экспорт-импорт юк қатновини ташкил қилиш учун «Silk Road International​» МЧЖ қўшма корхонаси тузилди. Уни жиҳозлаш учун биринчи босқичда 80 та автомобиль воситалари жалб қилинади ва шу йилнинг охиригача уларнинг сони 200 га етади. Келгусида, юк ташиш ҳажмидан келиб чиқиб, жалб қилинувчи автотранспорт воситалари сони ошиб боради.

Келтириб ўтилган тадбирлар шу йилнинг охиригача янги йўналиш бўйича 100 минг тоннага яқин экспорт-импорт юкларини ташишни таъминлаш имконини беради. Бугунги кунга келиб, келгуси уч ой давомида 27 минг тонна ҳажмдаги ташқи савдо юкини ташиш учун талабнома мавжуд.

Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаровнинг таъкидлашича «янги йўналишга катта қизиқиш, биринчи ўринда, юкни қисқа фурсатларда етказиш билан боғлиқ. Агар аввал амал қилган коридор бўйлаб юк Ўзбекистондан Хитойгача 8-10 кунда етказиб борилган бўлса, янги йўналишда бу 2 кун вақтни талаб қилади холос. Шу билан бирга зарурат туғилганда шошилинч юк бир сутка давомида ҳам етказилиши мумкин».

Бундан ташқари муҳим омиллардан бири — юк ташишнинг нархи ҳамдир. Шундай қилиб, ишлаб чиқилган контейнерлар ва йиғма юкларни ташишнинг келишувга мос шаффоф тарифлар тизими, ҳар бир юк партиясини етказиш давомида 300 дан 500 долларгача маблағни тежаш имконини беради, бу эса йилига харажатларни 2,5 миллион долларгача қисқартиришга олиб келади ва шубҳасиз маҳсулот таннархи ҳамда унинг рақобатбардошлигига ижобий таъсир қилмай қолмайди.

Қўшимча шароитлар яратиш учун республиканинг юк жўнатувчи ва юк қабул қилувчилар учун Андижон вилоятида «Ахтачи» станцияси терминали негизида мултимодал транспорт-логистика маркази яратилган, у эса юкни Ўзбекистоннинг барча нуқтасидан Андижонгача темир йўл транспорти орқали ва кейин Хитойгача автотранспортда етказиш имконини беради.

Мавзуга оид