«Реал» ҳам, «ПСЖ» ҳам хафа бўлмасин-у, ушбу мавсум нимчорак финал ўйинларининг марказий ўйини айнан бугун бўлиб ўтади. Албатта, тилга олинган жуфтлик ҳам таркиб ва салоҳият, турнирда ғалаба қозониш амбициялари бўйича бугунгиларни ортда қолдирар бўлиши мумкин, аммо «Челси» ва «Барселона» ЕЧЛнинг классикаси ҳисобланади.

Бу ерда шунчаки, топ-юлдузларнинг икки томонга бўлиниб баҳслашишини эмас, фарқли услуб, фарқли ғоя ва йўналишларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўлишимиз, учрашувларни қисқа бўлса-да, футбол оламини иккига бўла олган тарихий ўйинларнинг давоми ўлароқ қабул қилишимиз мумкин. 

ЎЙИНЛАР ТАРИХИ
Кўпчилик эслай олмаслиги мумкин, жамоаларнинг Европадаги энг муҳим турнирдаги дастлабки тўқнашувлари 1999/2000 мавсумининг чорак финалида рўй берганди. У пайтлар Абрамович ҳали «Челси»ни сотиб олмаган, шундай бўлса-да, Десайи, Дешам, Дзола, Флу, Ди Маттео, Петреску каби футболчилар билан «Челси» чорак финалгача етиб боради ва дастлабки ўйинда «Барселона»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлади.

Жавоб ўйини жуда қизиқарли ўтган. Каталонияликлар ўйин тугашига атиги 7 дақиқа қолганда умумий ҳисобни тенглаштиришади, 87-дақиқада эса, Ривалдо пенальтини бажара олмайди. Бразилиялик юлдуз қўшимча бўлимларнинг биринчисида айбини ювиб, тўртинчи голни уради. Клюйвертнинг 104-дақиқадаги голи барча масалага нуқта қўяди.

Кейинги ўйинларни эслаймиз: Абрамович ва Моуриньонинг янги «Челси»си, Роналдиньонинг суперголи, Мессига ишлатилган қўполлик, Эврёбенинг хатолари, Иньестанинг «олтин голи», Дель Орно, Терри ёки Абидалнинг четлатилишлари, Мессининг ноаниқ пенальтиси, Торреснинг сўнгги дақиқадаги голи – ҳар бири алоҳида ҳикояларга асос бўладиган бу воқеалардан хулоса битта: «Барселона» ва «Челси»нинг тўқнашувлари доим драматик кечган.

Умумий ҳисобда 12 ўйиндан 6 тасида «Челси»нинг қўли баланд келган, «Барселона» 3 ўйинда ғалаба қозонган холос. Тўплар нисбати – 20-20.

Қизиғи, «Барселона» атиги уч ўйинда ғалаба қозонган бўлса-да, уч марта плей-оффда «Челси»ни доғда қолдириб кетганини айтишимиз мумкин. Икки мавсумда «Челси» кейинги босқичга йўлланма олган.